Welcome to Statistika qo'mitasi   Click to listen highlighted text! Welcome to Statistika qo'mitasi Powered By GSpeech

Жумаев Қурбонмурат Хуррамович
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси
Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари
Маркази “Макроиқтисодий статистика ва миллий ҳисоблар”
кафедраси доценти, иқтисодиёт фанлари номзоди.

Надиров Абдулахад Абдрахматович
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика
қўмитаси Ташқи иқтисодий фаолият ва савдо
статистикаси бошқармаси бошлиғи

Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўзининг мустақил овозига эга бўлган давлат даражасига кўтарилди ва нуфузли халқаро ташкилотларга аъзо бўлди. Дунёдаги саноати ривожланган етакчи мамлакатлар билан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий алоқалар ўрнатмоқда. Икки ва кўп томонлама манфаатли алоқалар тобора ривожланиб бормоқда.

Шундай шароитда мамлакатнинг ташқи иқтисодий имкониятида табиий ресурсларнинг мавжудлиги, ишлаб чиқариш ва илмий-техник имкониятларнинг барпо этилиши, инфратузилма, ижтимоий соҳа, маҳсулот ва хизматларнинг мамлакат ташқарисига экспорт қилиниши ёки чет эл фуқароларига, корхона ва ташкилотларига, шу жумладан республикадаги хорижий корхоналар ва қўшма корхоналарга сотилиши билан аниқланади.

Мамлакат ташқи иқтисодий потенциалини аниқловчи энг муҳим иқтисодий кўрсаткичлар ЯИМ ишлаб чиқариш ҳажми, шу жумладан аҳоли жон бошига, ЯИМда товар ва хизматлар экспортининг улуши ҳамда товарлар умумий экспорти ҳажмида саноат товарлари улуши ҳисобланади. 

Аввало, ташқи савдо деганда нимани тушунамиз?

Ташқи савдо - бир мамлакатнинг бошқа мамлакат ёки мамлакатлар билан олиб борадиган ўзаро товар алмашиш жараёнидир. Ташқи савдо мамлакатдан товар ва хизматлар чиқиши (экспорт) ва кириб келиши (импорт)дан ташкил топади.

Экспорт ва импорт йиғиндиси мамлакатнинг ташқи савдо айланмасини ташкил этади. Мамлакатлар ўртасида савдо-сотиқнинг ривожланиши икки томонлама фойда олиш имконини беради.

Ташқи савдо мамлакатлараро иқтисодий муносабатларнинг энг оддий ва энг қадимий шаклидир. Инсоният тарихида биринчи марта Шарқ ва Ғарб дунёсини бир-бири билан боғлаган Буюк Ипак йўли қитъалараро савдони йўлга қўйди. Бу йўл қадимги ерларимиз ҳудудида жойлашган шаҳарларда савдо-сотиқнинг кенг қулоч ёйишига олиб келган.

Энди ташқи савдодаги экспорт ва импорт тушунчаларининг ўзи нима?

Экспорт (инг. export, лот. exporto – олиб чиқаман, четга чиқараман) – товарлар, хизматлар, инвестиция, қимматли қоғозлар, технологиялар ва бошқаларни ташқи бозорга чиқаришдир.

Товарларнинг экспорт таркиби фан-техника ютуқлари ва халқаро меҳнат тақсимотининг чуқурлашуви таъсири остида ўзгариб боради. Ҳозирги даврда халқаро савдонинг экспорт таркибида қайта ишловчи саноат маҳсулотлари етакчи ўринга эга бўлиб, унинг ҳиссасига жаҳон товар айрибошлашининг 3/4 қисми тўғри келади. Озиқ-овқат, хом-ашё ва ёқилғи улуши фақат 1/4 қисмини ташкил қилади.

Хизматлар экспорти товарлар экспортидан фарқ қилади. Чет эллик истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш, чет эл валюталарини олиш билан боғлиқ бўлиб, у миллий чегарада амалга оширилади (масалан, чет эл компанияси вакилларига почта, телеграф хизмати кўрсатиш, чет эл фуқароларига сайёҳлик хизмати кўрсатиш ва ҳ.к.).

Капитал экспорт қилиш ҳам ўзига хос хусусиятларга эга бўлади. Капитал экспорти кредит бериш ёки чет эл корхоналари акцияларига мақсадли қўйилмалар каби шаклларда амалга оширилиб, капитал чиқарилган вақтда экспорт қилувчи мамлакатдан маблағлар оқимини тақозо қилади ва шу орқали тасарруфида бўлган ресурслар ҳажмини қисқартиради.

Импорт (инг. import – келтириш, олиб келиш) – мамлакатнинг ички бозорида сотиш учун, чет эл товарлари, хизматлари, технологиялар ва бошқаларни келтиришдир. Бунда мамлакат ичида ишлаб чиқариш харажатлари ташқаридан сотиб олинган чоғдаги харажатларидан юқори бўлган маҳсулотлар импорт қилинади.

Импорт божхона божлари, шунингдек, миқдорий чеклашлар, лицензиялаш тизими ва бошқа нотариф тарздаги воситалар билан тартибга солинади. 

Экспорт салоҳияти (экспорт имкониятлари) – бу мазкур мамлакат томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ўз иқтисодиёти манфаатларига путур етказмаган ҳолда жаҳон бозорида сотиши мумкин бўлган қисмидир. 

Қайсидир мамлакат ишлаб чиқарувчи мамлакатдан товарни ўз истеъмоли учун эмас, балки учинчи мамлакатга қайта сотиш учун олган тақдирда реэкспорт рўй беради, реимпорт эса истеъмолчи мамлакатдан реэкспорт товарни сотиб олишни билдиради.

Агар мамлакатда экспорт миқдори импорт миқдоридан  ошиб кетса, бу нималарга таъсир қилади? 

Биринчидан, мамлакат олтин валюта захиралари ҳажмига таъсир қилади. Чунки, экспортни биз хорижий валютага сотамиз ва ўз навбатида импортни ҳам хорижий валютага сотиб оламиз, яъни экспортнинг импортдан ошиши – мамлакатга соф хорижий валютанинг кириб келишини билдиради.

Иккинчидан, бу соф хорижий валютанинг кириб келиши ўз навбатида миллий валюта алмашув курсига таъсир қилади: 

Хорижий валюталар кириб келишининг ўсиши (соф экспорт > 0) => Валюта бозиридаги хорижий валюталарнинг ўсиши => бозордаги талаб ва таклиф қонунига асосан миллий валютанинг мустаҳкамланишини билдиради.

Учинчидан, халқаро иқтисодий инфратузулмадаги шарт-шароитларнинг яратилиши  мамлакатдаги инфляцияга таъсир қилади:

Экспорт товарлар нархининг ўсиши  => хорижий валюталарнинг ўсиши (соф экспорт > 0) => Мамлакат ичида сўмга бўлган талабнинг ошиши (экспортчиларга сўм керак - қонун бўйича мамлакат ичидаги солиқлар, иш ҳақи ва бошқа тўловларни олиб боришга) => Марказий банк бу талабни қондириши зарур – қоғоз пул чиқариш орқали ( сўмнинг эмиссияси) => Иқтисодиётда инфляция тенденцияси рўй беради.

Тўртинчидан, Мамлакатнинг ташқи қарзи ҳажмига таъсир қилади (мамлакатнинг ташқи савдодаги ижобий қолдиғи халқаро бозорларга қарамликни юмшатади  ва мамлакатнинг ташқи қарзини хорижий валютада тўлаш имконини беради).

Бешинчидан, инвестициявий муҳитга ижобий таъсир қилади (чунки, сармоячилар бундай ҳолатларга жиддий эътибор беришади).

Нима сабабдан мамлакатлар ташқи савдо ёки халқаро савдо алоқаларини янада кенгайтиришга аҳамият берадилар?

Чунки, ҳар қандай айирбошлашнинг аҳамияти, унинг самарадорлиги билан, шу жумладан, халқаро миқёсда ҳам келишилган битимлардан томонларнинг оладиган самараси билан белгиланади. Яъни, хоҳ товар ва хоҳ хизматлар савдоси бўлсин, айирбошлашдан олинадиган афзалликка ҳар бир қатнашувчи мамлакат эга бўлади ва натижада бутун жаҳон хўжалиги тизими ўзаро манфаатдор бўлади.

Мамлакатлар ўртасидаги халқаро айирбошлаш ва халқаро савдонинг ривожланишида глобаллашувнинг аҳамияти тўғрисида гапирадиган бўлсак, мамлакатлар қадим замонлардан буён моддий ноз-неъматларни тайёр маҳсулотлар ва турли хил ресурслар кўринишида ўзаро айирбошлаб келишган, яъни бир-бирлари билан халқаро иқтисодий муносабатларга киришишган. Ўз навбатида, айирбошлашнинг ҳажми ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиш даражасига  ва товар ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига боғлиқ бўлган. Чунки, ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши, бир томондан, мамлакатлар ўртасида хўжалик алоқаларининг кенгайишига имкон яратса, икккинчи томондан, турли хил хомашёлар, материаллар  ва бошқа ресурсларга бўлган талабнинг ошиб бориши айирбошлаш заруриятини келтириб чиқаради.

Жаҳон иқтисодиётида глобаллашувнинг шаклланиши мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига олиб келган. Глобаллашувнинг I босқичи 1870-1913 йиллар мобайнида шаклланди ва бу давр мобайнида товарлар айирбошлаш 20 мартагача ошди ёки жаҳон ишлаб чиқаришининг 33 фоизини ташкил этди. Глобаллашувнинг II босқичи 1950-1973 йилларга тўғри келади ва бу давр жаҳон ишлаб чиқаришида ва савдосида “олтин давр” ҳисобланади. Глобаллашувнинг III босқич даври ўз ичига 1983 йилдан бошлаб ҳозирги кунгача давом этиб келмоқда ва бу босқичда жаҳон иқтисодиётида йирик интеграцион ҳудудлар, яъни НАФТА, Европа Иттифоқи, АСЕАН, АТЕС, МЕРКОСУР ҳамда Япония блокининг пайдо бўлиши рақобатбардош товарлар ишлаб чиқариш орқали дунё бозорларига кириб боришни асосий мақсад қилиб олдилар.

Ўз навбатида халқаро савдонинг ривожланиши Умумжаҳон савдо ташкилоти мамлакатлари ўртасидаги савдо алоқаларини тартибга солиш, (ГАТТ-the General agreement on tarrif and trade) назорат қилиш ёки бир неча мамлакатнинг бошқаларга нисбатан камситилишига йўл қўймаслик каби муҳим вазифаларни бажариши натижасини билдиради.

Мамлакатимизда халқаро савдо-иқтисодий алоқалар ўрта асрлардан бошланган ва у бугунги интеграциялашув жараёнида ҳам ўз ўрнига эга бўлиб келмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг халқаро савдони эркинлаштиришнинг асосий омилларидан бири халқаро иқтисодий ташкилотларга аъзо бўлиш ва ана шу ташкилотлар доирасида фаолият кўрсатиш жараёнларини фаоллаштириши зарур эди.  Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЙХҲТ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ), Шанхай Ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилоти (ШҲХТ), Марказий Осиё Ҳамкорлик Ташкилоти (МОҲТ), Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ), Жаҳон Савдо Ташкилотининг кузатувчиси (ЖСТ), Жаҳон Банки (ЖБ), Халқаро Тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ), Халқаро ривожланиш уюшмаси, Халқаро молия корпорацияси (ХМК), Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, ЮНЕСКО ва шу каби ўнлаб нуфузли халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлишга эришди.

Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувида Халқаро валюта фонди (ХВФ) билан ҳамкорлиги алоҳида ўрин тутади. Давлатимиз томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсат ҳар жиҳатдан дунёда ўз мавқеига эга ва халқаро иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишда ҳам ўрнак бўла олади.

Хўш, Ўзбекистон халқаро савдода иштирок этишнинг барча ҳуқуқий-меъёрий талабларига жавоб берар экан, унинг иқтисодиётида экспорт ва импортни ривожлантириш орқали қандай имкониятларга эга бўлиши мумкин?

Биринчидан, ташқи бозорга ўзининг тайёр маҳсулотлари билан чиқаётган ишлаб чиқарувчилар рағбатлантирилади, яъни улар маҳсулотларини экспорт қилиш орқали барқарор валюта захираларига эга бўладилар.

Иккинчидан, ишлаб чиқарувчилар ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида техника ва технологияларни харид қилиш имкониятига эга бўлади.

Учинчидан, ташқи бозорларни мониторинг қилиш орқали ички ва ташқи бозорларда талабгор бўлган импорт ҳамда экспорт товарлари ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган янги корхоналарни қуриш, янги иш ўринларини шакллантириш имконини беради.

Тўртинчидан, миллий иқтисодиётда технологик янгиланиш амалга ошади ва миллий саноат ишлаб чиқаришига янги техника ва замонавий ускуналар ўрнатилади ва натижада жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган миллий маҳсулотлар ишлаб чиқарила бошлайди.

Бешинчидан, мамлакатимизда халқаро савдо-иқтисодий алоқалар ривожланиши орқали миллий иқтисодиётнинг жаҳон иқтисодиётига интеграллашуви янада мустаҳкамланади. 

Бир сўз билан айтганда мамлакат иқтисодиёти учун экспортнинг аҳамияти қуйидагиларда ифодаланади:

1. ЯИМнинг ошишига ёрдамлашади ва корхона ҳамда ташкилотларнинг янги иш ўринларини яратиш имкониятини беради. Экспорт ҳажми қанча катта бўлса, шунча кўп маблағ давлат бюджетига тушади. Бошқа томондан, бу янада кўп маҳсулот ишлаб чиқариш зарурлигини шакллантиради, бу учун эса янада кўпроқ ишчи-ходимлар ёлланишини тақозо этади. Демак, экспорт нафақат иқтисодиётни яхшилаш усули, балки ишсизликнинг юқори даражасига курашнинг энг муҳим воситаларидан бири ҳамдир.

2. Мамлакатга чет эл валютаси оқимининг ошишига ёрдам беради. Хорижга ўз товарларини сотиб, Ўзбекистон компания ва корхоналари АҚШ доллари ёки еврода фойда оладилар. Шу учун экспорт мамлакатга чет эл валютасини жалб этишнинг муҳим манбаи ҳисобланади. Экспортнинг ўсиши, миллий валютани мустаҳкамлаш имконини беради ва давлатнинг мувозанатлашган савдо балансини ушлашга ёрдам беради. Аммо, шуни ҳам айтиш жоизки, экспортнинг импортдан кескин ошиб кетиши савдо балансига салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Агар миллий валюта курси кескин кўтарилиб кетса, бундай ҳолда товарлар ва хизматлар нархларининг қимматлашуви натижасида уларнинг харидоргирлиги, рақобатбардошлиги ташқи бозорда тушиб кетади ва натижада экспортнинг камайишига олиб келади. Шу сабабдан ҳам мамлакатлар экспорт ва импортнинг балансини сақлашга ҳаракат қиладилар.

2017 йил якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси жаҳоннинг 160 дан ортиқ мамлакатлари билан савдо-сотиқ алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Жумладан, республиканинг ташқи савдо айланмаси 2017 йил якуни бўйича 26,9 млрд АҚШ долл, ёки 2016 йил кўрсаткичига нисбатан 11%га ошган. Шундан, экспорт 13,9  млрд. АҚШ долларини (51,7%) ва импорт 13,0 млрд. АҚШ долларини (48,3%)ташкил қилди ёки 2016 йилга нисбатан мос равишда 114,9 ва 107,2 %ларни ташкил этди. Ташқи савдо айланмаси сальдоси 880,2 млн. АҚШ долларига тенг бўлди. Шунинг 729,3 млн. АҚШ долларини МДҲ давлатлари ва 150,9 млн. АҚШ долларини бошқа давлатлар ташкил этган. 

Мамлакатимизда сўнги йилларда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш тузилмаларида туб ўзгаришларнинг амалга оширилиши натижасида ташқи савдода фақат хомашё воситалари билан қатнашувига барҳам берилди. Хусусан, экспорт таркибида пахта толасининг улуши (2000 йилда 27,5%га) кескин камайиб борган ва 2017 йил якунлари бўйича бу кўрсаткич 3,4%ни ташкил қилган. Шунингдек, экспорт таркибида бошқа товарлар гуруҳи 35,7 % улуш билан муайян ўринга эга бўлиб, бунда ушбу гуруҳга кирувчи текстил маҳсулотларининг ҳажми 1133,2 млн. АҚШ долларни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,8 % ўсди, хизматлар 25,2%га, шундан 11,6 %  транспорт хизматларига, 11,4 % эса туризм хизматлари хиссасига тўғри келган ҳамда энергия манбалари ва нефт маҳсулотлари 13,8%га ва озиқ-овқат маҳсулотлари 6,3%га ошганлигини кўришимиз мумкин. Бу ўз навбатида мамлакат экспорт салоҳиятидаги ривожланиш тенденциясини кўрсатади.

1-расм.Товар ва хизматларнинг экспорт таркиби, жамига нисбатан фоизда (ташқи айлана 2017 йил январь–декабрь, ички айлана 2016 йил январь–декабрь учун)

Импорт таркибининг асосий улуши 38,9% билан машина ва асбоб-ускуналар гуруҳи ва 16,5% билан кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар гуруҳи ҳиссасига тўғри келмоқда. 

2-расм. Товар ва хизматларнинг импорт таркиби, жамига нисбатан фоизда (ташқи айлана 2017 йил январь–декабрь, ички айлана 2016 йил январь–декабрь учун)

Умуман мамлакатимиз ташқи савдосида жаҳоннинг иқтисодий ривожланган мамлакатларининг ҳиссаси ортиб бормоқда. МДҲ мамлакатлари орасида Россия, Қозоғистон, Украина, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари асосий ҳамкорларимиз ҳисобланиб, уларнинг жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 28,5 %ни ташкил қилса, бошқа узоқ хориж ҳамкорларимиз орасида Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Германия, Афғонистон, Бразилия, Ҳиндистон, Эрон, Латвия, Литва, Франция, АҚШ, Италия давлатлари ҳисобланади ва уларнинг улуши 41,9 %ни ташкил қилади.

3-расм. Республика товар айланмасида нисбатан катта улушга эга бўлган давлатлар билан ташқи савдо айланмаси
(2017 йилнинг январь–декабрида)

 

Мамлакатимиз ташқи савдо ҳажмининг яқин келажакда асосий салмоғидан бирини ташкил қилиши кутилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар экспорти ҳажми 2017 йил якунлари бўйича 708,8 млн. АҚШ долларини ташкил қилди, ёки ўтган 2016 йилга нисбатан 15,6 %га ошди.

4-расм. Йирик хамкор давлатлар бўйича мева-сабзавот маҳсулотлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар экспортдаги улуши, %

Ташқи савдо айланмасидаги мева-сабзавот маҳсулотлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар экспортида асосий ҳамкор давлатлар Қозоғистон (умумий ҳажмдан 46,4%), Россия (18,0%), Афғонистон (6,6%), Хитой (5,7%), Туркия (4,5%), ва Қирғизистон (4,3%) ҳисобланади. Олиб борилган статистик таҳлилларимиз кўрсатишича, мева-сабзавот маҳсулотлари 2016 йилда 697 та экспортёр томонидан 51 та давлатга экспорт қилинган бўлса, 2017 йилда 929 та экспортёр томонидан 62 та давлатга экспорт қилишга эришилди.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти турлари ва географияси йилдан йилга кенгайиб, Болгария, Шри-Ланка, Индонезия, Филипин, Греция, Қатар, Харватия ва Мальта давлатларига биринчи маротаба 2017 йилда мева-сабзавот маҳсулотлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.

Жумладан 2017 йилда қуритилган мевалардан магиз ва ўрик туршаги Болгария ва Шри-Ланка давлатларига, қовун Канада давлатига, узум, нок, гилос маҳсулотлари Мўғилистон давлатига экспорти амалга оширилди.

Таҳлил натижалари кўрсатиб турибдики мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ўртасида экспортни янада к ўпайтиришнинг истиқболли имкониятлари мавжуд. Яъни:

- мамлакатдаги нафақат сиёсий барқарорлик, балки ўз навбатида иқтисодий барқарорликнинг ҳам таъминланганлиги;

- мамлакатимизда савдо-сотиқни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган инфратузилманинг мавжудлиги;

- мамлакатнинг тўғридан-тўғри денгиз йўллари мавжуд бўлмасада, қулай географик жойлашуви, яъни Шарқ ва Ғарб дунёсини бир-бири билан боғлайдиган Буюк Ипак йўлида жойлашганлиги;

- қишлоқ хўжалиги ва уни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш имкониятларининг юқорилиги ҳамда мамлакатнинг турли хил минерал-хомашё ресурсларига бойлиги;

- экспортчи корхоналарга қўшимча имтиёз ва преференцияларнинг ажратилаётганлиги;

- анъанавий бозорлардан четлашган ҳолда экспорт географиясини диверсификация қилиш, саноат корхоналари фаолиятини жадаллаштириш, маҳаллий брендларни илгари суриш;

- тайёр маҳсулотлар турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва бошқалар.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир мамлакат барқарор халқаро иқтисодий муносабатларни таъминлашга интилади. Чунки, халқаро иқтисодий муносабатлар, биринчидан, халқаро даражада миллий маҳсулот ҳажми ва улардан олинадиган даромаднинг кўпайишини, иккинчидан, бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишни, учинчидан, халқаро иқтисодий муносабатларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар нуфузининг ошишига олиб келади ва энг асосийси аҳолининг фаровон яшашини таъминлайди.

Умуман олганда, халқаро иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши, мамлакат ташқи савдосида экспорт ва импортнинг барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга, пировардида мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

  • ASOSIY SAHIFA
  • QO`MITA HAQIDA
  • AXBOROT XIZMATI
  • INTERAKTIV XIZMATLAR
  • OCHIQ MA’LUMOTLAR
  • MUROJAATLAR
  • KONTAKTLAR
  • Tugmani bosing Tinglash