Welcome to Statistika qo'mitasi   Click to listen highlighted text! Welcome to Statistika qo'mitasi Powered By GSpeech

Шодиев Бехзод Сирожиддинович
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг
Демография ва меҳнат статистикаси бошқармаси бошлиғи

Юлдошев Зойир Тошканович
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг
Меҳнат ресурслари баланси, бандлик ва меҳнатга ҳақ тўлаш
кўрсаткичларини шакллантириш ва таҳлил этиш бўлими бошлиғи

Республикамизда бозор муносабатларини самарали тадбиқ этиш, аҳолини иш билан таъминлаш ва бу орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришиш, энг аввало, мавжуд меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга боғлиқ. Меҳнат ресурслари эса бугунги иқтисодиётни либераллаштириш жараёнларида муҳим салмоққа эга бўлиб, унинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги аҳамиятини микро, мезо ва макро даражаларда кўриш мумкин.

Меҳнат ресурсларининг микро даражадаги аҳамияти уларнинг корхона (ташкилот) фаолиятидаги ўрни ҳамда ишлаб чиқаришдаги иштироки билан белгиланади. Маълумки, меҳнат ресурслари ишлаб чиқаришнинг асосий омили бўлиб, уни юзага келтирувчи барча ресурслар бевосита мазкур омил орқали бошқарилади. Ҳудудлар ва минтақалар иқтисодиётида меҳнат ресурсларининг роли унинг мезо даражадаги аҳамиятини кўрсатади. Мамлакатнинг қайси ҳудудида меҳнат ресурслари юқори кўрсаткичга эга бўлса, у ерда ишлаб чиқариш, саноат, ижтимоий-иқтисодий инфратузилма ва коммуникация ривожланади. Меҳнат ресурсларининг макро аҳамияти унинг мамлакат ялпи иқтисодиётидаги ўрни ва асосий бойлик сифатида эътироф этилиши билан асосланади. Айнан меҳнат орқалигина мамлакатда моддий ва номоддий бойликлар яратилади. Мазкур меҳнатнинг субъекти (муаллиф ва ижрочиси) эса бевосита инсон, яъни меҳнат ресурсларидир. Демак, меҳнат ресурсларининг барча даражадаги аҳамияти уни тадқиқ этишнинг ҳам илмий ҳам иқтисодий долзарблигини белгилаб беради.

Иқтисодий адабиётларда ҳозиргача “меҳнат ресурслари” тушунчасига турли хил қарашлар мавжуд бўлиб, уларни умумлаштириш ва ягона тўхтамга келиш мунозарали масала бўлиб қолмоқда.

Меҳнатга оид муносабатларнинг ўрганилиши ва тадқиқ этилишида шарқ тафаккури ва таълимотининг ҳиссаси беқиёсдир. Чунки, ёзма манбаларда ва ҳаётий муомалада меҳнат муносабатларининг илк пайдо бўлишини айнан шарқ маданияти ёдгорликлари ва мутафаккирларининг асарлари билан бевосита боғлаш мумкин. Энг қадимий ҳисобланган ва ислом дини кириб келгунча Осиё, хусусан Ўрта Осиё ҳудудида кенг тарқалган Зардуштийлик дини таълимотида инсон ва унинг меҳнатига алоҳида урғу берилган. Ушбу диннинг муқаддас китоби саналган “Авесто”да меҳнатга оид муносабатларнинг илк талқини ўзига хос тарзда ифода этилган. Шунингдек, иқтисодий ва меҳнатга оид ғоялар шаклланишида қадимги Хитой (Конфуций таълимоти) ва Ҳиндистон (“Ману қонунлари” ва “Артхашастра” ёдгорликлари) тафаккурлари ҳам алоҳида ўринга эгадир. 

Шарқ тафаккурининг йирик намояндалари Абу Наср Форобий (“Фозил одамлар шаҳри” асари), Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Юсуф Хос Хожиб (“Қутадғу билиг” асари) каби қомусий олимларнинг таълимот ва қарашларида меҳнат ҳамда инсон омили алоҳида ўрин эгаллаган. Шарқда меҳнатга оид муносабатларнинг тараққий этишида Баҳоуддин Нақшбандийнинг ҳиссаси беқиёсдир. Бу ўринда унинг биргина “Дил ба ёру, даст ба кор” (Қалбинг Оллоҳда-ю, қўлинг меҳнатда бўлсин) деган ибратли сўзларини келтиришнинг ўзи кифоя. Ушбу ибора замирида кишиларни меҳнат қилиш, интилиш ва изланишга ундаш ётади.

Иқтисодий билимларнинг тараққий этиши ва унда меҳнат муносабатларининг алоҳида ўрин топишида бобокалонимиз Амир Темурнинг ўзига хос таълимоти туб бурилиш ясади. Соҳибқирон томонидан илгари сурилган ғояларнинг амалий ҳаёт тажрибалардан ўтганлиги уларнинг илмий аҳамиятини таъминлаган. Унинг асосий илмий қарашлари “Темур тузуклари” асарида ўз ифодасини топган бўлиб, унда давлатни бошқариш, иқтисодиётни юритиш ва меҳнатни ташкил этиш масалаларига алоҳида ёндашилган.

Шунингдек, улуғ мутафаккир Алишер Навоий (“Вақфия” асари) ҳамда буюк давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг (“Мубаййин” ва “Бобурнома” асарлари) юритган одил сиёсатлари ва иқтисодий қарашларида меҳнат ва инсон омилига алоҳида эътибор қаратилган. Улар меҳнатнинг инсон ва жамият ҳаётидаги ролига юксак баҳо берар экан, бойлик орттириш ва тўқ яшашнинг асосий йўли меҳнатдир, дея таъкидлайдилар.

Демак, қадимий шарқ таълимотини, шу жумладан юқорида номлари зикр этилган буюк алломаларимиз фаолиятини ўрганиш шундан далолат берадики, илмий ва ҳаётий муомалада меҳнатга оид муносабатларнинг, тушунча ҳамда қарашларнинг пайдо бўлиши ва тараққий этишида шарқ иқтисодий ғоялари мактабининг аҳамияти беқиёсдир. Ушбу ғоя ва қарашлар ҳозирги иқтисодий адабиётларда истеъмолда бўлган атама ва тушунчаларнинг пайдо бўлишида илмий асос вазифасини ўтаган, деб ҳисоблаш мумкин.

Ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг ривожланиб бориши натижасида “меҳнат ресурслари”, “ишчи кучи” каби иқтисодий тушунчаларнинг маъно ва мазмуни бирмунча ўзгариб бормоқда.Бу тушунчалар фақат илмий-иқтисодий адабиётларда эмас, балки кундалик амалиётимизда ҳам кенг фойдаланила бошланди.

Ишчи кучига иқтисодиёт фанида меҳнат жараёнида инсон фойдаланадиган унинг жисмоний аа маънавий қобилиятларининг мажмуаси сифатида қаралади. Р.Ж.Эренберг ва Р.С.Смит “Ишчи кучи деганда ёши 16 дан юқори бўлган ходимлар, иш билан бандлар, фаол равишда иш қидираётганлар, ишдан бўшатилгандан кейин иш билан бандлик хизматларига яна мурожаат этиш ниятида бўлганлар тушунилади”, деб ҳисоблаган.

Инглиз сиёсий иқтисоди асосчиларидан бири А.Смит “иқтисодий одам” атамасини фанга киритган. Унинг фикрига кўра, “иқтисодий одам” ўз шахсий манфаати ва  мақсадини кўзлаб, турмушини яхшилашга интилади. Шу боисдан, инсон бозор иқтисодиётида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотининг қиймати юқори бўлган ва кўп фойда келтирадиган фаолият турини, соҳасини танлашга ҳаракат қилади. Фақатгина “кўзга кўринмас қўл”, яъни эркин рақобат, бозор қонунларигина ўз мақсадларини кўзлаб фаолият юритувчиларни тартибга солинган тизимга бирлаштиради. Шу боисдан “иқтисодий одам” ўз манфаатини кўзлагани ҳолда жамият манфаати учун ҳам меҳнат қилади.

Америкалик иқтисодчи олимлар К.Р.Макконнелл ва С.Л.Брюлар иқтисодий ўсишга таъсир кўрсатувчи омил сифатида меҳнат ресурсларининг сони ва сифатини алоҳида ажратиб кўрсатган. Улар назариясига мувофиқ меҳнат ресурсларининг сони иқтисодиётда банд бўлган кишилар сони ҳамда уларнинг меҳнатга лаёқатли аҳоли таркибидаги улуши билан белгиланади. Меҳнат ресурсларининг сифатини ифодаловчи ва меҳнат унумдорлигига таъсир кўрсатувчи омиллар сифатида эса кишилар саломатлигининг яхшиланиши, касб тайёргарлиги, билими ва манфаатдорлигининг ўсиши кўрсаткичлари келтирилади.

Ишчи кучи – меҳнат жараёнида инсон фойдаланадиган унинг жисмоний ва маънавий қобилиятларининг мажмуасидир.

“Ишчи кучи” атамаси кўп ҳолларда уч маънони англатишда ишлатилади:

организм, тирик инсон шахси эга бўлган ва ҳар сафар у қандайдир истеъмол қийматини яратиш чоғида ишга соладиган жисмоний ва маънавий қобилиятлар мажмуи сифатида;

аҳолининг иш билан банд бўлган ёки иш излаётган қисми – иқтисодий фаол аҳолининг синоними сифатида;

умуман ишловчилар ёки муайян бир корхона ишчилари сифатида.

Аммо айни бир вақтда “меҳнат ресурслари” сўзи ва “ишчи кучи” сўз бирикмалари турли вариантларга эга бўлиб, уларни қўллашда онгли ва тегишли изоҳлар бериш керак бўлади.

Шундай қилиб, “меҳнат ресурслари” ва “ишчи кучи” тушунчалари турли манбаларда турлича ишлатилади ва кўп ҳолларда бир-биридан деярли фарқланмайди.

“Меҳнат ресурслари” ва “ишчи кучи” тушунчаларининг фарқи қуйидагилардан иборат:

 “Меҳнат ресурслари” ва “ишчи кучи” тушунчалари турли мазмунга эга бўлиб, меҳнат ресурсларининг ишчи кучига айланиш жараёни бир қанча босқичларни босиб ўтади.

Дастлабки босқичда меҳнат ресурслари ишчи кучининг салоҳиятли қисми бўлиб, улар меҳнат воситалари ва қуроллари билан ишлаш тажрибасини орттиради.

Иккинчи босқичда эса меҳнат ресурслари иш жойларига тақсимланади. Шу тариқа жисмоний ва ақлий қобилиятларнинг меҳнат жараёнида сарфланиши рўй беради. Меҳнат ресурслари бу жараёнда ишчи кучига айланади.

Учинчи босқичда ишчи кучи вақт сарфлаб, моддий неъмат яратади ва бу неъмат истеъмол қийматига эга бўлади. 

Ишчи кучи меҳнат фаолиятини тўхтатиши билан яна иқтисодий нофаол аҳоли тусини олади, лекин меҳнат ресурси таркибида қолади.

“Меҳнат ресурслари” ва “ишчи кучи” тушунчалари ўртасида ўхшашлик мавжудми?

Ҳа, мавжуд. Меҳнат ресурслари ва ишчи кучи тушунчалари ўртасидаги ўхшашлик иккала тоифага кирувчи кишилар ижтимоий ишлаб чиқаришга қатнашишлари учун ўзларида меҳнат лаёқатини мужассамлаштирганлигидир.

“Меҳнат ресурси” тушунчаси қачон фанга киритилган?

“Меҳнат ресурслари” тушунчаси биринчи марта 1922 йилда россиялик олим С.Струмилин томонидан фанга киритилган. У мазкур тушунчани марказлашган режали иқтисодиёт юритиш тизими нуқтаи назаридан талқин этган бўлиб, унга кўра меҳнат ресурсларига режалаштирилувчи пассив ишчи кучи мажмуаси сифатида қаралган.

Меҳнат ресурсларига кимлар киради деган савол туғилиши табиийдир?

Меҳнат ресурсларига меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳамда меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ва катта ёшдаги меҳнат билан банд бўлган шахслар киради.

Энди меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳолини тушуниб олсак.

Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳолига:

16 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар;

16 ёшдан 55 ёшгача бўлган хотин-қизлар киради.

Лекин ушбу ёш гуруҳидаги барча аҳоли ҳам меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳисобланмайди.

Шунинг учун, меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли бу ёшдаги I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек, имтиёзли шартларда пенсия олаётган меҳнатга лаёқатли ёшдаги шахслар сонини чиқариб ташлаш йўли билан аниқланади.

Мисол учун: Дастлабки маълумотларга кўра, Жиззах вилоятида 2017 йилда меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли сони 780,3 минг кишини, мазкур ёшдаги аҳоли таркибида ишламаётган меҳнатга лаёқатли ёшдаги I ва II гуруҳ ногиронлари, имтиёзли шартларда пенсия олаётган ишламаётган шахслар сони 27,5 минг кишини ташкил этган.

Жиззах вилоятида 2017 йилда меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 752,8 минг кишига тенг  (752,8 = 780,3 - 27,5).

Меҳнат ресурсларига кирадиган иккинчи тоифа булар меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ва катта ёшдаги меҳнат билан банд бўлган шахслардир.

Маълумот учун: Ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилади. Ўн беш ёшга тўлган шахслар ота-онасидан бирининг ёки улар ўрнини босувчи шахснинг ёзма равишдаги розилиги билан ишга қабул қилиниши мумкин (Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг 77-моддаси).

Демак, ўн беш ёшга тўлиб ишлаётган ўсмирлар меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ёшдаги меҳнат билан банд бўлган шахслар тоифасига киради.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра меҳнатга лаёқатли ёшдан катта ёшдаги аҳолига 55 ёш ва ундан юқори ёшдаги хотин-қизлар, 60 ёш ва ундан юқори ёшдаги эркаклар киради.

Ёшга доир пенсияни расмийлаштириб, меҳнат фаолиятини давом эттираётганлар ҳам меҳнат ресурслари таркибида ўтиради.

Энди меҳнат ресурсларининг шаклланиш манбаларини мисол билан тушуниб олсак.

Мисол учун: Жиззах вилоятида 2017 йилда меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 752,8 минг киши, меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ва катта ёшдаги меҳнат билан банд бўлган шахслар сони 3,5 минг кишини ташкил этган.

Демак, Жиззах вилоятида 2017 йилда меҳнат ресурслари сони 756,3 минг кишига тенг бўлган (756,3 = 752,8 + 3,5).

Ўзбекистон Республикасида ҳар йили меҳнат ресурслари баланси ишлаб чиқилади.

Хўш, савол туғилади. “Баланс” деган тушунчанинг луғавий маъноси нима?

“Баланс” атамаси лотинча bis “икки марта”, lanx – “тарози палласи” сўзларидан таркиб топган бўлиб, том маънода “икки палла” деган маънони англатади ва тенглик, мувозанат тушунчаси сифатида қўлланилади.

Демак, баланс тенглик, мувозанат тушунчаси сифатида қўлланилса, меҳнат ресурслари балансида тенглик, мувозанат нимада акс этади.

Меҳнат ресурслари баланси - бу меҳнат ресурслари мавжудлигини ва уларнинг тақсимланишини тавсифловчи кўрсаткичлар тизимидир.

Меҳнат ресурслари балансида тарозининг бир палласи “шаклланиш”,  иккинчи палласи “тақсимланиш” қисми бўлади.

Биз юқорида меҳнат ресурсларининг меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳамда меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ва катта ёшдаги меҳнат билан банд бўлган шахслардан шаклланишини турли мисоллар билан тушунтириб ўтдик.

Энди меҳнат ресурсларининг тақсимланиш қисмига, яъни тарозининг иккинчи палласига тўхталиб ўтамиз.

Мамлакатнинг меҳнат ресурслари иқтисодий фаол ва иқтисодий нофаол аҳолига тақсимланади.

Мисол учун: Жиззах вилоятида 2017 йилда йил иқтисодий фаол аҳоли 492,6 минг  кишини ва иқтисодий нофаол аҳоли 263,7 минг кишини ташкил этди.

Демак, Жиззах вилоятида меҳнат ресурслари сони 756,3 минг кишига тенг (756,3 = 492,6 + 263,7).

Шу жойда, баланс нимада акс этишини кўрсак:

шаклланиши - 752,8 + 3,5 = 756,3;

тақсимлаши  - 492,6 + 263,7 = 756,3.

Иқтисодий фаол аҳоли сони - бу иш билан банд аҳоли ва ишсизлар сони йиғиндисидан иборатдир.

Мисол учун: Жиззах вилоятида 2017 йилда йил иш билан банд аҳоли сони 468,2 минг  кишини ва ишсиз аҳоли сони 24,4 минг кишини ташкил этган.

Демак, Жиззах вилоятида иқтисодий фаол аҳоли сони 492,6 минг кишига тенг (492,6 = 468,2 + 24,4).

Иш билан таъминланиш - фуқароларнинг қонун ҳужжатларига зид келмайдиган, ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ бўлган, уларга иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган фаолиятидир.

Иқтисодиётда иш билан банд аҳоли сони иқтисодий фаолият турларининг турли соҳаларида иш билан бандлар йиғиндисидан ташкил топади.

Мисол учун: Жиззах вилоятида 2017 йилда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида иш билан бандлар сони – 195,7 минг киши, саноатда – 46,3 минг киши, қурилишда – 31,2 минг киши ва бошқа соҳаларда - 195,0 минг кишини ташкил этган.

Демак, Жиззах вилоятида 2017 йилда иш билан банд аҳоли сони 468,2 минг кишини ташкил этган (468,2 = 195,7 + 46,3 + 31,2 + 195,0).

Ишсизлар - қонун ҳужжатларига мувофиқ расман ишсиз сифатида рўйхатдан ўтказилган шахслар, шунингдек, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирувчи машғулотга эга бўлмаган, мустақил равишда иш изловчи ва бундай иш таклиф этилса, ишга жойлашишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли ёшдаги вақтинча меҳнат билан банд бўлмаган шахслардир.

Мисол учун: Жиззах вилоятида 2017 йилда иқтисодий фаол сони – 492,6 минг киши, ишсизлар сони - 24,4 минг кишини ташкил этган.

Демак, Жиззах вилоятида 2017 йилда ишсизлик даражаси 5,0 %ни ташкил этди (5,0 % = (24,4 / 492,6) х 100 %).

Иқтисодий нофаол аҳоли – бу меҳнат билан банд ва ишсизлар деб ҳисобланмайдиган шахслардир. Уларга ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган ўқувчилар ва талабалар; болаларни парвариш қилаётган ишламайдиган аёллар; уй бекалари ва ихтиёрий равишда меҳнат билан банд бўлмаган шахслар, шунингдек кўчар
ва кўчмас мулкдан даромад оладиган ишламайдиган шахслар киради.

Мисол учун: Жиззах вилоятида 2017 йилда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган ўқувчилар ва талабалар сони 72,7 минг кишини, болаларни парвариш қилаётган ишламайдиган аёллар сони 73,5 минг кишини, шунингдек уй бекалари ва ихтиёрий равишда меҳнат билан банд бўлмаган шахслар, кўчар ва кўчмас мулкдан даромад оладиган ишламайдиган шахслар сони 117,5 минг кишини ташкил этган.

Демак, Жиззах вилоятида иқтисодий нофаол аҳоли сони 263,7 минг кишига тенг бўлган (263,7 = 72,7 + 73,5 + 117,5).

Хўш, республикада меҳнат ресурслари сони аниқ бўлса, энди ундан самарали фойдаланиш керак.

Меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга қайси омиллар кўпроқ таъсир қилади?

Меҳнат ресурсларидан фойдаланишга қуйидаги омиллар таъсир этади:

1. Географик ва табиий омиллар. Республикамиз минтақалари турли табиий ва географик хусусиятларга эга бўлиб, бу ҳолат ҳудудий меҳнат бозорларининг табиий шароитга юқори таъсирчанлигини англатади. Масалан, Оролбўйи минтақасидаги ишсизликнинг юқори даражаси экологик вазият билан асосланади. Бундан ташқари, иқтисодиётда қишлоқ хўжалиги тармоғининг юқори улуши республикада иш билан бандликнинг мавсум ва иқлим омилларига юқори даражада боғлиқлигини келтириб чиқаради. Ноқулай келган об-ҳаво шароити қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга салбий таъсир кўрсатиб, ҳосилнинг кескин камайишига сабаб бўлади. Ушбу ҳолат эса саноат, жумладан, қайта ишлаш, озиқ-овқат ва енгил санаот тармоқлари корхоналарининг тўла қувватда ишламаслиги, ишчиларнинг бўш қолиши ва қисқартирилишига олиб келади. Республикамизнинг қишлоқ жойларида мавжуд юқори даражадаги мавсумий ишсизлик ҳолати ҳам айнан мавсум ва об-ҳаво шароити билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис, қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётганлар мавсумдан ташқари вақтда ишсиз қолмоқда ёки номуайян, вақтинчалик ва бир марталик ишлар билан шуғулланишга мажбур бўлмоқда.

2. Мавжуд хом ашё ресурслари. Хом ашё ресурслари ҳудудий иқтисодиёт тармоқларининг ўзига хослигини келтириб чиқаради. Масалан, табиий хом ашё ресурсларига бой бўлган Навоий, Тошкент, Бухоро ва Фарғона вилоятларида саноат ва ишлаб чиқариш тармоқлари яхши ривожланган бўлиб, ушбу минтақалар ишчи кучининг салмоқли қисми ушбу тармоқларда банддир.

3. Демографик омиллар. Бунда, демографик омиллар ишчи кучининг табиий ҳаракати ва иш билан бандлик таркибидаги табиий ўзгаришларни келтириб чиқаради. Аҳоли, жумладан, ишчи кучининг ўлим кўрсаткичи иш билан бандликка сезиларсиз бўлса-да таъсир қилади. Агар ушбу кўрсаткич юқори даражада рўй берса, у ҳолда мамлакат ишчи кучи таркибининг сифат ва миқдор жиҳатдан қисқаришига олиб келади. Шу билан бирга касалликларнинг кўпайиши, айниқса, касб касаллиги ва жароҳатлари натижасида ҳам иш билан банд фуқаролар ўз иш жойларини йўқотиб қўйишлари ва ишчи кучи сафидан чиқиб кетишлари мумкин.

Шунингдек, демографик жараёнлар ичида туғилиш кўрсаткичи иш билан бандликка катта таъсир кўрсатади. Чунки, фарзанд дунёга келиши натижасида аёллар вақтинчалик ишчи кучи сафидан чиқади ва иқтисодий нофаол аҳоли таркибига қўшилади. Ўзбекистонда аёллар фарзанди 2 ёки 3 ёшга етгунча туғруқ таътилида бўлади. Демак, бу ҳолатда аёллар камида 2 йилдан сўнггина яна иқтисодий фаол аҳоли таркибига қайтиши мумкин бўлади. Шу сабабли мамлакатда туғилишнинг юқори кўрсаткичи аёллар иш билан бандлигига таъсир қилувчи бош омиллардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда республикада йилига ўртача 700 минг нафардан ортиқ чақалоқ туғилади, бу эса, ўз навбатида, шунча миқдордаги аёлларнинг меҳнат бозоридаги фаоллигига маълум муддат бўлсада чек қўяди.

Меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга таъсир этувчи ҳамда унинг даражаси ўзгаришига сабаб бўлувчи демографик омиллардан бири меҳнат миграциясидир. Меҳнат миграцияси ишчи кучининг меҳнат даромади келтирадиган иш топиш мақсадида бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчиш ҳаракатидир. Мазкур турдаги миграция вужудга келишининг асосий мотиви бўлиб фуқароларнинг юқори миқдордаги иш ҳақи ва қулай меҳнат шароити илинжидаги ҳаракатлари ҳисобланади. Мамлакат аҳолисини иш билан таъминлашда меҳнат миграцияси қуйидагича таъсир кўрсатади: ишчи кучининг ҳудудлараро ва тармоқлараро қайта тақсимланиши рўй беради; аҳолининг ишсиз қатлами иш билан таъминланади; ишловчиларнинг меҳнат даромади ошади ва турмуш даражаси яхшиланади; ишловчилар янги касб ва кўникмаларга эга бўлиб, уларнинг иш тажрибалари ортади.

4. Таълим тизими. Ушбу омилнинг меҳнат ресурсларидан фойдаланишга кўрсатадиган таъсирини қуйидагиларда кўриш мумкин:

аҳоли, жумладан ёшлар саводхонлик даражасининг юқори кўрсаткичи малакали ишчи кучи бозорини вужудга келтиради;

меҳнат бозорида рақобат курашининг пайдо бўлишига олиб келади;

ишчи кучи таклифининг сифат таркибини такомиллаштиради;

ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган ёшлар сонининг кўпайиши меҳнат ресурслари тарикибида иқтисодий нофаол аҳоли улушининг ортишига сабаб бўлади;

иқтисодиёт тармоқларининг тегишли йўналишлардаги малакали кадрларга бўлган талабини оптимал қондиришни таъминлайди.

5. Иш ҳақи. Иш ҳақи ва ижтимоий трансферт тўловлари миқдорини мунтазам ошириб бориш сиёсати аҳоли бандлиги муаммоларини бартараф этиш, фаровонликни ошириш ва ишчи кучининг қайта тикланиши учун қулай шароит яратади.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг бозор муносабатларига ўтиши, шунингдек, қатор ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал этиш меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишни талаб қилади. Бу эса шахсларнинг манфаатлари, яшаш тарзи, тараққиёти ва истиқболи билан чамбарчас боғлиқ.

Ўзбекистонда меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишнинг йўллари қуйидагилардан иборат:

қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва уларни амалий ҳаётга тадбиқ этиш;

меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва унинг реал миқдорининг ўсишига эришиш;

иш билан бандликнинг ноанъанавий шакллари – касаначилик, уй меҳнати, оилавий бизнес, хизмат кўрсатиш ва қорамолчилик каби фаолият турлари билан шуғулланиш ҳамда ўз-ўзини иш билан таъминлашни рағбатлантириш;

ишсизларни ишга жойлаштиришда хусусий секторнинг иштирокини кучайтириш ва бу ишда хусусий кадр агентликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

меҳнат ресурсларини ҳудудлар ва тармоқлар бўйича қайта тақсимлаш ҳамда ортиқча ишчи кучини иш билан таъминлашда меҳнат миграциясига алоҳида эътибор қаратиш ва ҳ.к.

Иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизациялаш жараёнлари жадал амалга оширилаётган бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашда меҳнат ресурсларининг ўрни ва аҳамияти ошиб бормоқда. Мамлакатда меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш аҳоли фаровонлигини оширишга ва иқтисодий юксалишга замин яратади.

Зеро, жамиятнинг энг олий бойлиги бўлган халқда қудратли салоҳият мужассам. Бу салоҳиятни юзага чиқариш эса жамиятимизни ривожлантириш ва тараққий эттиришнинг жуда кучли омили бўлиб хизмат қилади.

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING FARMONI
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASIDA 2022 YILDA AHOLINI ROʻYXATGA OLISHNI OʻTKAZISH KONSEPSIYASINI TASDIQLASH TOʻGʻRISIDA
O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING QARORI
DAVLAT BOSHQARUVINING OCHIQLIGI VA SHAFFOFLIGINI TA`MINLASH HAMDA MAMLAKATNING STATISTIKA SALOHIYATINI OSHIRISH YUZASIDAN QO`SHIMCHA CHORA-TADBIRLAR TO`G`RISIDA
PRESS-RELIZLAR
CHORAK NATIJALARI
USLUBIY MATERIALLAR

DIAGRAMMA VA GRAFIKLAR
 
ISTE`MOL NARXLARI INDEKSI KALKULATORI

TADBIRKORLAR UCHUN

Tugmani bosing Tinglash