Welcome to Statistika qo'mitasi   Click to listen highlighted text! Welcome to Statistika qo'mitasi Powered By GSpeech

Хакимов Жавлонбек Адхамжонович,
Ўзбекистон Республикаси
Давлат статистика қўмитаси
Аҳоли турмуш даражаси ва кузатувлари статистикаси бошқармаси

Хўш, аҳоли турмуш даражаси деганда нимани тушунамиз?

Дунё мамлакатларида аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини ифодалашда турли атамалар ва тушунчалар қўлланилади. Масалан, Ўзбекистонда аҳолининг моддий, маънавий ҳамда ижтимоий эҳтиёжлари қондирилиш даражасини ифодалайдиган «турмуш даражаси» атамаси кенгроқ қўлланилади. Бундай тавсиф кўпроқ турмуш даражаси статистикасини характерлайди ва бу - кўплаб омиллар йиғиндиси таъсирида бўлган ўзгарувчан жараёндир.

Агар «турмуш даражаси» атамасига тўлиқ таъриф берадиган бўлсак, турмуш даражаси - бу жисмоний, маънавий ва ижтимоий эҳтиёжларнинг ривожланиши, шунингдек, уларни қондириш учун яратилган имкониятларни акс эттирувчи комплекс ижтимоий-иқтисодий категориядир.

"Турмуш даражаси" тушунчаси ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар тизимини ривожлантиришда Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) сезиларли ҳисса қўшди. 1960 йилда БМТнинг ишчи гуруҳи глобал миқёсда турмуш даражасини аниқлаш ва баҳолаш тамойиллари тўғрисида ҳисобот тайёрлади. Бу турмуш даражасининг кенг қамровли тизимини яратишга биринчи уриниш эди.

БМТ томонидан олиб борилган тадқиқотлар билан бир қаторда, айрим олимлар томонидан ҳам аҳоли турмуш даражасини аниқлаш ва баҳолаш бўйича аниқ тизимларни ишлаб чиқиш юзасидан кўплаб ишлар амалга ошириб келинди.

Аҳолининг турмуш даражасини аниқлаш қачондан бошлаб кузатилган?

Аҳолининг турмуш даражаси ва сифат кўрсаткичлари тизимини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни илмий тушуниш капитализмнинг тугатилиш даврида бошланган. Бу соҳа бўйича тадқиқотлар даставвал инглиз олими У.Петти (1623-1687 йиллар) ишларида пайдо бўла бошлади. Шунингдек, Ф.Кенэ (1694-1774 йиллар) аҳоли турмуш даражасини оширишнинг ҳақиқий манбаларини баҳолашга ҳаракат қилди, А.Смит (1723-1790 йиллар), ўз навбатида, ишловчилар орасида қашшоқлик тарқалишидан xавотирга тушди ва аҳоли фаровонлигини ошириш истаги табиий ҳол эканлигини таъкидлади. Ж.М.Кейнс (1883-1946 йиллар) ва А.Маршалл (1842-1924 йиллар) турмуш даражасини яxшилаш учун қулай молиявий шарт-шароитларни шакллантириш назарияси ривожига салмоқли ҳисса қўшди.

XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, ғарб олимларининг илмий қарашларида турмуш даражасини баҳолашда сиёсий-иқтисодий қарашлардан иқтисодий-статистик нуқтаи назарга силжиш кузатила бошланди. Бу пайтда тадқиқотчилар томонидан асосан ишловчиларнинг реал турмуш даражаси ва ҳақиқий истеъмоли бўйича таҳлилий ишлар олиб борилди.

Кейинчалик эса, аҳоли турмуш даражасини ўрганишда аҳолининг турли қатламлари манфаатларини уйғунлаштириш, улар ўртасида турли қарама-қаршиликларни юмшатиш, асоссиз даромадлари бўйича табақаланишга чек қўйиш ва қашшокликни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратила бошланди.

Ғарб олимларининг бу борадаги муваффақияти, уларнинг турмуш даражаси ўртача параметрларини баҳолашда дифференциал ёндашувни қўллаганликлари ҳисобланади. Бу эса аҳолининг айрим қатламлари эҳтиёжларини қондириш жараёнида иқтисодий имкониятларни тўғри тақсимлаш нуқтаи назаридан қараганда жуда муҳим ҳисобланади.

Бугунги кунда БМТ томонидан дунё аҳолиси турмуш даражасини ошириш ва камбағалликдан азият чекаётган мамлакатларга кўмаклашиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилмоқда. Жумладан, БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан 2000 йилда қабул қилинган “Минг йиллик тараққиёт” дастури ҳамда 2015 йилда қабул қилинган “2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари” дастури бевосита дунё мамлакатлари аҳолисини иқтисодий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, экология бузилишининг олдини олган ҳолда аҳолининг саломатлигини асрашга қаратилган муҳим ишлар сирасига киради.

Аҳолини турмуш даражасига қараб қандай тоифаларга бўлиш мумкин?

Эҳтиёжларни қондириш даражасига кўра турмуш даражасини 4 гуруҳга бўлиш мумкин:

тўқ турмуш даража - инсоннинг жисмоний ва ақлий куч-қувватини тўла тиклаш учун қулай шароитларни таъминлайдиган неъматлардан фойдаланиш;

нормал даража - инсоннинг жисмоний ва ақлий куч-қувватини тўла тиклаш учун қулай шароитларни таъминлайдиган илмий асосланган меъёрлар бўйича оқилона фойдаланиш;

камбағаллик - меҳнат учун ресурсларни қайта яратишнинг қуйи чегараси сифатидаги иш қобилиятини сақлаш даражасида неъматларни истеъмол қилиш;

қашшоқлик - фойдаланилиши инсоннинг яшаш қобилиятини сақлаш имкониятинигина берадиган неъматлар ва хизматларнинг биологик мезонлар бўйича йўл қўйиладиган минимал турларини истеъмол қилишдир.

Аҳоли турмуш даражасини ифодаловчи кўрсаткичларга нималар киради?

Маълумки, аҳоли турмуш даражасини барчамиз аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар миқдори ва истеъмол ҳажми миқдорининг ортиши ёки камайиши билан баҳолашга одатланганмиз. Аҳоли турмуш даражаси унинг сифат кўрсаткичлари каби анча кенг тушунча ҳисобланади.

Ҳозирда турмуш даражаси концепцияларини аҳолининг турмуш даражаси сифатини ҳар томонлама характерлаб берадиган ягона кўрсаткичга келтириш бўйича самарали усул мавжуд эмас.

БМТнинг xалқаро статистика соҳасидаги турмуш даражаси кўрсаткичлари тизимининг оxирги версияси 1978 йилда ишлаб чиқилган ва ушбу тизим 12 та асосий кўрсаткичлар гуруҳини ўз ичига олади.

БМТ тавсиясига кўра туғилиш, ўлим, умр кўриш давомийлиги, санитар-гигиеник шароитларнинг мавжудлиги, озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол даражаси, уй-жой шароитлари, таълим олиш ва маданий имкониятларнинг мавжудлиги, иш шароитлари ва бандлик даражаси, даромадлар ва харажатлар мувозанати, истеъмол нархлари, транспорт воситалари билан таъминланганлиги, дам олиш ва хордиқ чиқариш имкониятларининг мавжудлиги, ижтимоий таъминот тизимининг мавжудлиги, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатланганлиги каби кўрсаткичлар турмуш даражасини ифодаловчи кўрсаткичлар ҳисобланади.

Лекин бу кўрсаткичларнинг ҳаммасини ҳам қиймат кўринишида баҳолаш имкони мавжуд эмас. Турмуш даражасини ушбу кўрсаткичларнинг айрим параметрларидан бир нечтасини қамраб олган ҳолда баҳолаш мумкин.

Ушбу кўрсаткичлардан энг асосийси аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар ҳажми бўлиб, мазкур кўрсаткич мамлакат аҳолиси турмуш даражасини баҳолаш билан бирга халқаро таққосламаларда ҳам фойдаланиш имконини берадиган кўрсаткич ҳисобланади. Шу билан бирга амалиётда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот, ялпи миллий маҳсулот, инсон тараққиёти индекси, шунингдек, аҳолининг маълум гуруҳлари (квинтель, дециль гуруҳлари) бўйича табақаланиш коэффициентлари каби кўрсаткичлардан ҳам тез-тез фойдаланилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, аҳоли турмуш даражасининг яхшиланиши, бевосита ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг самарадорлиги, илмий-техник тараққиёт, аҳолининг маданий-маърифий савияси ва таркиби, миллий хусусиятлар, барчаси албатта, ҳукумат томонидан қабул қилинадиган ва амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва ҳаракатлар натижасига боғлиқдир. 

Аҳоли турмуш даражасини ўрганишда статистика органларининг ўрни қандай?

Ўзбекистон Республикаси “Давлат статистикаси тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига кўра Давлат статистика қўмитаси ижтимоий-иқтисодий ҳодисалар ва жараёнлар ҳамда уларнинг натижалари тўғрисидаги статистика маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш, тўплаш, сақлаш, умумлаштириш, таҳлил этиш ва эълон қилиш вазифаларини бажаради.

Мазкур қонунга кўра Давлат статистика қўмитаси иқтисодиётда ва жамиятда содир бўлаётган ҳодисалар ҳамда жараёнлар тўғрисидаги, жумладан, аҳоли турмуш даражаси кўрсаткичлари бўйича статистик маълумотлар йиғишда юридик ва жисмоний шахслардан белгиланган тартибда статистик ҳисобот шакллари ёки турли кузатувлар орқали маълумотларни олиш ҳуқуқига эга.

Шу нуқтаи назардан Давлат статистика қўмитаси томонидан йиллик статистика ишлари дастурига мувофиқ тегишли вазирлик ва идоралар маълумотлари ҳамда уй хўжаликларида ўтказиладиган танлама кузатувлар маълумотларига асосан аҳоли турмуш даражасини акс эттирувчи аҳоли умумий ва жон бошига даромадлари, харажатлари, таълим даражаси, соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш, озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли, узоқ муддат фойдаланиладиган буюмлар билан таъминланганлиги, шунингдек, уй-жой шароитлари каби бир қанча кўрсаткичлар шакллантириб борилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, уй хўжаликларида ўтказиладиган танлама кузатувлар республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олган ҳолда йилига жами 10 000 та уй хўжаликларида ўтказилади. Бунда 120 дан ортиқ мутахассис (интервьюерлар) томонидан бевосита уй хўжалиги аъзолари билан суҳбатлашиш орқали маълумотлар олинади.

Маълумот учун:  уй хўжалиги – бу, маълум бир турар-жой манзилида бирга яшовчи, даромадларини тўлиқ ёки қисман бирлаштирган ҳолда умумий рўзғор юритувчи кишилар гуруҳи. Бунда, уй хўжалиги аъзолари ўртасида қариндошлик алоқалари бўлиши шарт эмас.

Интервьюер – бу, кузатув жараёнида танловга тушган уй хўжаликлари аъзолари билан савол-жавоб (интервью) ўтказадиган ҳудудий статистика бошқармаси ходими.

Аҳоли турмуш даражаси сифатига таъсир кўрсатувчи энг асосий омиллардан бири ҳисобланган аҳолининг умумий ва жон бошига даромадлари кўрсаткичлари қандай шакллантирилади?

Уй хўжаликлари ихтиёрида мавжуд бўлган ҳамда товар ва хизматлар харид қилишга қодирлигини белгиловчи иқтисодий ресурслар мажмуини ифодаловчи уй хўжаликларининг иқтисодий фаровонлиги, яъни даромадлари аҳоли турмуш сифатининг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Бу ресурсларга жорий ва капитал тушумлар, хусусан, асосий фондлар ва қарзга оид бўлган мажбуриятлар баланси киради.

Иқтисодий фаровонлик даражасининг таҳлили уй хўжаликларининг иқтисодий ресурсларга эгалик қилиш даражасини, уларни истеъмол қилишга ёки жамғаришга, шунингдек, улардан бирини танлашга қодирлигини аниқлашга имкон беради.

Уй хўжаликларининг истеъмол қилишга қодирлигини аниқлаш мезони сифатида фойдаланиладиган муҳим индикатор – умумий даромадлар (жорий тушумлар) ҳисобланади, чунки улар истеъмол қилиш ёки жамғариш имкониятини оширишни кўпроқ таъминлайди.

Аҳолининг умумий даромадлари – мажбурий тўловлар ва бошқа ажратмаларни амалга оширгунга қадар бўлган ялпи даромадни ифода этади.

Аҳолининг умумий даромадига пул даромадлари ва натура шаклидаги даромадлар киради ҳамда доимий асосда, такрорланувчи ҳусусиятга эга бўлган, йиллик ёки ундан кам вақт оралиғидаги даврда уй хўжалиги ёки унинг алоҳида аъзоларига тушадиган тушумлардан таркиб топади.

Аҳоли турмуш даражасининг асосий ижтимоий-иқтисодий индикаторларини аҳоли пул даромадлари ва харажатлари, унинг таркиби ва фойдаланиши, даромад бўйича аҳолини тақсимлаш каби кўрсаткичлар характерлайди. Аҳоли пул даромадлари барча тоифалардаги аҳолининг меҳнати эвазига олган иш ҳақи, тадбиркорлик фаолиятидан олган даромадлари, пенсия, нафақа, стипендия, капитал қўйилмалар бўйича фоиз шаклида олинадиган даромадлар, рента, кўчмас мулкни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва чорва молларини сотишдан тушумлар, турли хизматларни кўрсатишдан олинган даромадлар ва бошқалардан иборат.

Халқаро статистика амалиётига мувофиқ умумий даромад “бирламчи даромад” ва “трансфертлардан олинган даромадлар”га бўлинади, бу ўз навбатида бандлик ҳолати ёки ижтимоий таъминот тизимига боғлиқ ҳолда институционал ўзгаришларнинг таъсирини кузатиш имконини беради.

Бирламчи даромадлар ўз навбатида ишлаб чиқаришдан олинган даромадлар (меҳнат фаолиятидан олинган даромад ва шахсий истеъмол учун ишлаб чиқарилган шахсий хизматлардан олинган даромадлар) ва мол-мулкдан олинган даромадларни ўз ичига олади.

Меҳнат фаолиятидан олинган даромад ёлланма ишчиларнинг даромади ва мустақил равишда банд бўлган аҳолининг даромадидан таркиб топади.

Ёлланма ишчиларнинг даромади – бу меҳнатга ҳақ тўлашнинг яширин (яъни, бирламчи ва бухгалтерия ҳисобида акс эттирилмасдан иш берувчи томонидан амалга оширилган тўловлар) қисмини қўшган ҳолда пул ва натура шаклида (товарлар ёки хизматлар кўринишида) меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлар ҳисобланади.

Мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар –  мустақил равишда ташкиллаштирилган ва уй хўжалиги аъзолари жалб қилинган меҳнат жараёни натижасида олинган даромадлардир.

Шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадларга бозор учун мўлжалланмаган ва уй-жой эгалари томонидан фойдаланилаётган турар-жой хизматларининг шартли равишда ҳисобланган қиймати киради.

Мол-мулкдан олинган даромадлар (мулкий даромадлар) –   мулкий эгалик қилиш ҳуқуқи бўлган молиявий ва номолиявий активларни бошқа шахсларга фойдаланиш учун беришдан уй хўжаликларига тушган тушумлардир.

Трансфертлардан олинган даромадлар эса ижтимоий трансфертлар (пенсия, нафақа ва стипендиялар) ва бошқа жорий трансфертлардан иборат.

Маълумот учун: трансфертлар – бу уй хўжаликларига товар, хизмат ёки актив эвазига қопланмасдан товарлар, хизматлар ва активларнинг келиб тушишидир.

Энди, 2017 йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг умумий даромадлари таркибини ўтган йилга нисбатан, шунингдек, МДҲ мамлакатлари билан таққосланиши ва уларга таъсир этувчи омилларни таҳлил қилиб кўрайлик.

Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2017 йилнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, аҳоли умумий даромадлари таркибида ишлаб чиқаришдан олинган даромадларнинг улуши 71% ни, шундан 34,3% ёлланма ишчиларнинг иш ҳақи ва 34,5% мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларни, 2,2% шахсий истеъмол учун ишлаб чиқарилган шахсий хизматлардан олинган даромадларни ташкил этган. Ижтимоий тўловларнинг улуши эса 11,3% ни ташкил этмоқда.

Бозор иқтисодиёти шароитида асосий иш жойидан бериладиган иш ҳақи аҳолининг аксарият қисми учун етакчи даромад манбаи ҳисобланади, акс ҳолда у функционал ролини бажара олмайди. Ривожланган мамлакатларда иш ҳақи аҳоли жами даромадларининг 60-80%ини ташкил этади, яъни уларнинг меъёрий ҳаёт фаолиятини таъминлаш пойдевори бўлиб хизмат қилади.

Агар МДҲ мамлакатларининг аҳоли даромадлари таркибини кўрадиган бўлсак, ёлланма ишчиларнинг иш ҳақи сифатида олган даромадлари Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Россия Федерациясида 55 дан 69% гачани ташкил этадиган бўлса, Қирғизистонда 40% атрофида. Ижтимоий тўловларнинг улуши Беларусда 29% бўлса, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистонда ҳамда Россия Федерациясида 16 дан 18% гачани ташкил этади. 

Шунингдек, 2017 йилнинг январь-декабрь ҳолатига кўра Ўзбекистонда аҳоли умумий даромадлари таркибида мол-мулкдан олинган даромадлар 4,2% ни, жами трансфертлардан олинган даромадлар 24,8% ни ташкил этган.

Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган мақсадли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида аҳолининг кичик тадбиркорликдан олган даромадларининг улуши йил сайин ошиб бориб, 2017 йил дастлабки маълумотларига кўра, 56,5% ни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич 2010 йилда 47,1% ташкил этганлигини инобатга оладиган бўлсак, 2017 йилда 9,4% пунктга кўпайганлигини кўрсатади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда иш билан банд жами аҳолининг 82,7% нодавлат секторда меҳнат қилмоқда.

Аҳоли умумий даромадлари ҳажмининг ўзгаришига мол-мулкдан олинган даромадларнинг таъсири жуда кам бўлсада, аҳолининг тижорат банкларига бўлган ишончининг ортиши, инновацион ишланмаларнинг ривожланиши, қолаверса, акциядорлик жамиятлари даромадларининг ортиши, уй-жой ва бошқа кўчмас мулк объектларини ижарага бериш ва шу каби бозор механизмларининг такомиллашуви натижасида аҳолининг қўлига келиб тушаётган фоизлар, дивидендлар, муаллифлик ҳақлари ва шу каби мулкий даромадлар ҳам йил сайин ортиб бораётганлигини кузатишимиз мумкин. Масалан, 2010 йилда аҳоли умумий даромадлари таркибида мулкий даромадларнинг улуши 2,4% ни ташкил этган бўлса,   2017 йилда ушбу кўрсаткич 4,2% ни ташкил этди.

Аҳоли томонидан олинган даромадларнинг таркибий тақсимланишини таҳлил қилиш мақсадида аҳоли ихтиёридаги даромад аниқланади, чунки у аҳоли истеъмол харажатлари учун мумкин бўлган энг катта миқдорни аниқлаш имконини беради.

Маълумот учун: аҳоли ихтиёридаги даромад бу - умумий даромаддан тўғри солиқларни (уларнинг қайтарилишини ҳисобга олган ҳолда), мажбурий йиғимлар ва жарималар ҳамда бир уй хўжалигига бошқа уй хўжалиги томонидан бериладиган моддий ёрдам пулларини чегириш орқали ҳисобланади.

Аҳоли жон бошига даромадлари аҳолининг жами умумий даромадларини доимий аҳолининг ўртача йиллик сонига бўлиш орқали ҳисобланади. Дастлабки маълумотларга кўра, 2017 йилнинг январь-декабрь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида доимий аҳолининг ўртача йиллик сони 32 387,2 минг кишини ташкил этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2017 йилнинг январь-декабрь ҳолатига аҳоли умумий даромадлари ҳажми 186,2 трлн.сўмни ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан реал ўсиши 12,2% ни ташкил этди. Аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлари эса 5,8 млн.сўмни, реал ўсиши 10,3% ни ташкил этди.

Шунингдек, сўнгги йилларда аҳоли даромадларига солинадиган солиқ юкларининг камайтирилиши натижасида 2017 йилнинг январь-декабрь ойлари дастлабки маълумотларига кўра аҳоли ихтиёридаги жон бошига ўртача умумий даромадлари 5,2 млн.сўмни, 2016 йилнинг мос даврига нисбатан реал ўсиши эса 9,6% ни ташкил этди. Агар 2000 йилга таққослайдиган бўлсак, аҳоли ихтиёридаги жон бошига ўртача умумий даромадлар 12 баробардан кўпроққа ўсди.

Аҳоли даромадларини оширишга қаратилган ва аниқ йўналтирилган ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар аҳолининг барча қатламлари ўртача даромадларининг ўсиб боришида муҳим омил ҳисобланади. Бунда аҳолининг турли гуруҳлари даромадлари даражасидаги тафовутни акс эттирадиган Жини коэффициенти 2000-2017 йилларда 0,39 дан 0,26 га пасайди, бу эса дунёнинг кўплаб иқтисодий жиҳатдан тараққий топган давлатларига қараганда анча пастдир.

Аҳоли даромадларининг йилдан йилга ортиб бориши сарф-харажатлар, бевосита уларнинг таркибий жиҳатдан ўзгаришига қандай таъсир кўрсатмоқда?

Кузатув натижаларига кўра, аҳоли даромадларининг ошиши ва турмуш даражасининг яхшиланиши натижасида жами истеъмол харажатлари таркибида озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш харажатлари салмоғининг барқарорлашиб бориши билан бир вақтда, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларга сарфланадиган харажатлар улуши ортмоқда. Агар 2017 йил январь-декабрь маълумотларини 2000 йил маълумотлари билан таққослайдиган бўлсак, озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланган харажатлар 61,4 дан 47,2% га камайганлигини, ноозиқ-овқат маҳсулотларига сарфланган харажатлар эса 25,8 дан 32,8% га ва хизматларга сарфланган харажатлар 12,8 дан 20% га ошганлигини кўришимиз мумкин.

Агар МДҲ мамлакатларининг истеъмол харажатлари таркибини кўрадиган бўлсак, озиқ-овқат маҳсулотларига қилинган харажатларнинг улуши Россия Федерациясида 38% ни ташкил этадиган бўлса, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистонда 40% дан юқорини, Қирғизистон, Тожикистон ва Украинада 50% дан юқорини ташкил этади.

Ноозиқ-овқат маҳсулотларига сарфланган харажатларнинг улуши Россия Федерациясида 35% дан ортиқроқни ташкил этадиган бўлса, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Беларусда 28 дан 33% гачани, Арманистон ва Украинада 22% атрофида, Озарбайжонда эса 17% ни ташкил этади.

Шунингдек, хизматларга қилинган харажатларнинг улуши Озарбайжонда 40% дан юқорини, Россия Федерациясида 25% дан ортиқроқни, Қирғизистон, Украина, Беларусь ва Қозоғистонда 19 дан 23% гачани, Тожикистонда эса 15% атрофида ташкил этади.

Аҳоли истеъмол харажатлари таркибида озиқ-овқат маҳсулотларига харажатларнинг барқарорлашиши, шунингдек, ноозиқ-овқат ва хизматларга қилинаётган харажатларнинг улуши ортиб бораётганлиги ижобий ҳол, албатта.

Бугунги кунда республика аҳолисининг турар-жой билан таъминланиши қай даражада?

2017 йилнинг январь-декабрь ҳолатига кузатув маълумотларига кўра республикамиз аҳолисининг 97,9% шахсий ҳовли ёки квартирага эга. Бу кўрсаткич қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи аҳоли бўйича 99,3% ни ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткичлар 2000 йилда мос равишда 93,7 ва 95,4% ни ташкил этган эди.

Ундан ташқари, 2000 йилда бир оила аъзосига 20 кв.м ва ундан кўп турар-жой майдони тўғри келадиган уй хўжаликларининг улуши жами ўрганилган уй хўжаликларига нисбатан 17,1% ни ташкил этган бўлса, 2017 йил якунлари бўйича ушбу кўрсаткич 28,6% ни ташкил этди.

Бу кўрсаткичларни аҳолини уй-жой билан таъминлаш, бевосита кам таъминланган ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларнинг самарали натижаси сифатида кўришимиз мумкин.

Айни пайтда республикамизда аҳоли томонидан истеъмол қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва аҳолининг узоқ муддат фойдаланиладиган буюмлар билан таъминланганлиги қай даражада?

Уй хўжаликлари кузатувлари маълумотларига кўра, 2017 йилнинг январь-декабрь ойларида аҳоли жон бошига тўғри келадиган истеъмол ҳажми, асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан гўшт ва гўшт маҳсулотлари 43 кг ни ташкил этиб, 2000 йилга нисбатан 127,1% га ошди. Шунингдек, сут маҳсулотлари 270 кг ни (2000 йилга нисбатан 1,7 марта), тухум 215 донани (4,6 марта), сабзавот ва полиз экинлари 277 кг ни (2,2 марта), картошка 55 кг ни (1,5 марта), шакар ва қандолат маҳсулотлари 31 кг ни (2 марта), мева ва резаворлар 145 кг ни (3,5 марта) ташкил этди.

Қолаверса, 2000-2017 йиллар мобайнида аҳолининг узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар билан таъминланганлик даражаси ҳам ортиб бормоқда. Шуниси аҳамиятлики, бугунги кунда республикамиз аҳолиси томонидан фойдаланилаётган буюмларнинг аксарияти ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда.

Жумладан, аҳолининг шахсий енгил автомобиллар билан таъминланганлик даражаси 2017 йил якунларига келиб ҳар 100 та уй хўжалигига 44 тага етди. Шунингдек, ҳар 100 та уй хўжалигига тўғри келган телевизорлар сони 154 тани ташкил этиб, 2000 йилга нисбатан 1,7 мартага ошган. Шунингдек, кондиционерлар – 34 дона (2000 йилга нисбатан ўсиш - 3,1 баробар), электр чангютгичлар – 54 дона (ўсиш 1,8 баробар), кир ювиш машиналари – 80 донани (ўсиш 1,1 баробар) ташкил этди.

Бундан ташқари, АКТ воситалари (шахсий компьютерлар, яъни столга қўйиладиган, кўчма компьютер (ноутбук, нетбук), планшет ва бошқа ёнида олиб юриладиган компьютер ҳамда уяли алоқа телефонлари)нинг аҳоли ҳаётига шиддат билан кириб келиши, бу воситаларнинг имкониятлари кундан кунга кенгайиб бориши аҳоли учун алоқа қилиш, ахборот алмашиш ва дунёдаги янгиликлардан тезкор равишда хабардор бўлиш билан бир қаторда ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиш имкониятини яратиб бермоқда.

2017 йил якунларига кўра, 100 та уй хўжалигига тўғри келган шахсий компьютерлар 50 донани (2000 йилда эса бу кўрсаткич 0,2 донани ташкил қилган эди) ташкил этган бўлса, 2000-2017 йиллар мобайнида уяли алоқа телефонлари билан таъминланганлиги 14,4 баробарга ошди (2017 йил якунига келиб ҳар 100 та уй хўжалигига 257 тадан, яъни ҳар бир уй хўжалигига 2,6 тадан уяли алоқа телефонлари тўғри келди).

Ушбу маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, бугунги кунда аҳолининг кундалик ҳаётида зарур бўлган товарлар қаторида электр чангютгичлар, кир ювиш машиналари, компьютерлар ҳамда кондиционерлар каби маиший техника воситаларига ҳали ҳамон эҳтиёж мавжуд.

Ўз навбатида, ушбу маълумотлар республикамизда бу каби товарларни ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда хорижий давлатлардан товарларни импорт қилувчи ташкилотлар учун эгалланмаган катта қисмдаги истеъмол бозорининг мавжуд эканлигидан далолат беради.

Аҳоли турмуш даражасини баҳолашда юқоридаги кўрсаткичлардан ташқари яна бир қанча кўрсаткичлардан: аҳоли истиқомат қиладиган муҳитни ривожлантириш ҳамда ободонлаштириш, зарур инфратузилманинг мавжудлиги ва унинг самараси, замонавий талаблар асосида таълим олиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидан қониқиш каби муҳим кўрсаткичлардан фойдаланилади.

Бугунги кунда Ҳукуматимиз томонидан аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган бир қанча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Жумладан, 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурининг қабул қилиниши тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини яратиш ва шу аснода аҳоли бандлигини оширишга қаратилган, бу эса ўз навбатида аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали ҳамда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларни арзон уй-жой билан таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда, шунингдек, биргина 2018 йилнинг ўзида бундай уйларни қуриш ҳажми 1,5-2 баробарга оширилиши режалаштирилмоқда.

2018 йил 16 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5303 Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармонга асосан тирик йирик қорамол, тирик қўй ва эчкилар, йирик қорамол гўшти, қўй ёки эчки гўшти, соя ловияси, кунгабоқар уруғи, кунжут уруғи шакарқамиш ёки лавлаги шакари ва кимёвий тоза сахароза божхона тўловлари тўлашдан озод қилинган эди. Президентнинг 2018 йил 20 февралдаги ПФ–5354-сон Фармони билан 2019 йил 1 январга қадар муддатга божхона тўловлари тўлашдан озод қилинадиган (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) озиқ-овқат маҳсулотлари ва хом ашёларнинг айрим турлари рўйхати кенгайтирилди. Эндиликда бу рўйхатга аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган энг асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири бўлган картошка, шу жумладан музлатилгани ҳам киритилди.

Республикамизда амалга оширилаётган бу каби ислоҳотларнинг барчаси келажакда халқимиз турмуш даражасини яхшилашга қаратилган, зеро, Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва Ватан равнақи барчамизнинг олий мақсадимиздир.

  • ASOSIY SAHIFA
  • QO`MITA HAQIDA
  • AXBOROT XIZMATI
  • INTERAKTIV XIZMATLAR
  • OCHIQ MA’LUMOTLAR
  • MUROJAATLAR
  • KONTAKTLAR
  • Tugmani bosing Tinglash