Welcome to Statistika qo'mitasi   Click to listen highlighted text! Welcome to Statistika qo'mitasi Powered By GSpeech

Муродхужаев Хабибулла Абдуллаевич,
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистикаси қўмитасининг
Ижтимоий соҳа ва барқарор ривожланиш статистикаси
бошқармаси бошлиғи

Дунёда илмий-техник салоҳият тез суръатларда ривожланиш билан бир қаторда ишлаб чиқаришнинг асосий омилларини интелектуализация қилиш ўсиб бормоқда. Инновацияларни жорий этиш иқтисодий ўсишнинг ва бозорнинг рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим омилига айланди. Бу эса ўз навбатида, барча жабҳаларда инновациялар соҳасидаги илғор илмий ишланмалар ва техник ютуқлардан самарали фойдаланишни ҳамда ҳозирги иқтисодий салоҳиятнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашни талаб этмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда бугун кўплаб давлатлар томонидан илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга катта миқдорда инвестициялар йўналтирилмоқда.

Жаҳон иқтисодиётида инқирози шароитларида корхоналар ва илмий жамоаларга ажратилаётган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масаласи биринчи ўринга чиқади. Шу мақсадларда Европа Иттифоқи давлатларида ҳар йили “Европа инновациялар таблоси” (European Innovation Scoreboard — EIS) нашр этилади. Фаолият кўрсатувчилар муҳитини таҳлил қилиш усули асосида бир қатор Европа Иттифоқи давлатлари учун техник самарадорлик кўрсаткичлари ҳисоблаб чиқилган. Олинган натижалар асосида барча давлатлар 4 гуруҳга бирлаштирилган: инновацион лидер давлатлар; инновацион издошлар; мўътадил инноватор бўлган мамлакатлар; орқада қолган давлатлар.

Ушбу усул ёрдамида қуйидаги кўрсаткичлар таҳлил қилиб борилади:

ЯИМнинг илмий интенсивлиги;

бир миллион аҳолига тўғри келадиган олимлар сони;

таълим соҳасига қилинган харажатлар, ЯИМга нисбатан %;

патент олиш учун топширилган миллий аризалар сони;

юқори технологияли экспорт, саноат экспортига нисбатан %;

ахборот коммуникация технологиялари экспорти, жами экспортга нисбатан %.

АҚШ, Япония, Жанубий Корея ва Германия каби ривожланган давлатларда инновацион фаолиятни ривожлантиришга йўналтирилган харажатлар самарали фойдаланилади. Шу билан бир вақтда иқтисодиётнинг ўтиш давридаги давлатлар эса ушбу маблағлардан самарасиз фойдаланилмоқда.

Умуман олганда ҳозирги даврда инновацион иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини белгилайдиган ҳал қилувчи омил – бу илмий тадқиқот ва принцип жиҳатидан янги маҳсулот турларини яратиш учун ишланмалар натижаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган мамлакатнинг инновацион муҳитини шакллантириш ва ривожлантириш, маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг янги технологияларини яратиш ва ишлатиш ҳамда кейинчалик бозорда жорий этиш ва реалиция қилишдир.

Бугунги кунда республикамизда инновацион фаолиятнинг ҳолати қандай?

Республикамизда 2016 йилда жами  933 та корхона ва ташкилотларда инновациялар жорий қилинган бўлиб, уларнинг асосий қисми, яъни 893 нафари (жами ташкилотларнинг 96 %и) ўзларининг фаолиятига технологик инновацияларни, қолган 40 нафари эса маркетинг ва ташкилий инновацияларни жорий қилишган.

2016 йил давомида Ўзбекистон Республикасида тўққиз юздан ортиқ ташкилотлар томонидан 2 мингга яқин инновациялар жорий қилинган. Бунда, жорий қилинган инновацияларнинг аксарияти, яъни 1816 таси корхоналар фаолиятига янги, самарали технологияларни жалб қилиш орқали модернизация қилишга қаратилганлигини кўришимиз мумкин. Бу эса республикамизда инновацияларни тадбиқ этиш асосан хориждан машина ва ускуналарни импорт қилиш ҳисобига амалга оширилаётганлигини англатади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалар билан банд бўлган ходимлар сони сўнгги 16 йил давомида сезиларли ўзгармаган.

Бугунги кунда мамлакатнинг инновацион фаолиятини баҳоловчи яна бир муҳим кўрсаткичлардан бири бўлган илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларга қилинган харажатлар Ўзбекистон Республикасида ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 %ни ташкил этмоқда.

ЮНЕСКО статистика институтининг маълумотларига кўра 2013 йилда Корея Республикасида илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга сарфланган маблағлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4,2 %ни ташкил этади, Японияда бу кўрсаткич ЯИМга нисбатан 3,5 %ни, Германияда 2,9 %ни, АҚШда 2,8 %ни, Францияда 2,2 %ни, Хитойда 2,1 %ни, Буюк Британия ва Канадада 1,6%ни, Россия Федерациясида эса 1,1 %ни ташкил этмоқда. Ривожланаётган давлатларнинг аксариятда бу йўналишга сезиларли даражада кам маблағлар ажратилади.

Бир миллион аҳолига тўғри келадиган тадқиқотчилар сони бўйича ҳам ривожланган давлатлар ривожланаётган давлатлардан анча илгарилаб кетганлигини кўришимиз мумкин. Хусусан, Корея Республикасида бир миллион аҳолига 6533 нафар тадқиқотчи тўғри келади, Японияда ушбу кўрсаткич 5195 нафарни, Канадада 4494 нафарни, Германияда 4355 нафарни, Францияда 4125 нафарни, Буюк Британияда 4108 нафарни, Америка қўшма штатларида 3984 нафарни, Россия Федерациясида 3085 нафарни, Хитойда 1071 нафарни ташкил этган бўлса, Мисрда 581 нафарни ва Ўзбекистон Республикасида эса 495 нафарни ташкил этмоқда.

Инновациялар тўғрисида турли хил фикрлар мавжудлиги боис бу тўғрисида жуда кўп гапириш мумкин. Шу аснода бир савол туғилиши табиий: инновация тушунчасини нимани англатади, инновациялар қачондан бошлаб ҳаётимизга кириб келган? Бу саволга жавоб топиш кўпчиликни қизиқтирса керак албатта. Келинг тарихга бир назар солайлик.

Инновация инсоният яратилгандан бери мавжуд десак муболаға бўлмайди. Бизнинг аждодларимиз ҳам жамият ҳаётини ўзгартирган ёки олдинга силжитган, ўзлари яшаган даврга хос ёки базавий инновациялар билан шуғулланган. Масалан, эрамиздан аввалги 1200 йилларда темир қуйиш технологиясини яратилиши инсоният тарихида жуда катта ўзгаришларга сабаб бўлган. Бу жараён эса фаннинг шаклланиши ва у билан шуғулланадиган олимлар қатламининг алоҳида ажралиб чиқишидан анча аввал юзага кела бошлаган. Шунинг учун инновацияларнинг бирдан бир манбаи илм-фан дейиш ҳам ноўрин бўлади. Индустриал даврнинг инновацион портлаши юз берган сўнгги юз йилликда йирик инновацияларнинг ташаббускорлари ҳар доим ҳам олимлар бўлавермаган. Уларнинг ташаббускорлари асосан тадбиркорлар, сиёсий арбоблар, архитекторлар, рассом ва мусиқачилар  бўлган.

Инновацион амалиёт бир неча минг йиллардан бери мавжуд бўлган бўлсада, фақатгина XX асрдагина инновациялар махсус илмий ўрганиш предмети сифатида ўртага чиқди.

“Инновация” термини лотин тилидаги “novatio” сўзидан олинган бўлиб, “янги киритилган тартиб қоида”, “янгилик” деган маъноларни англатади.

 “Инновация” тушунчаси “ўзгариш” ва “ривожланиш” тушунчалари билан чамбарчас боғлиқдир. Муттасил янгиликларни яратиш якунда туганмас потенциал ўзгаришлар оқимини пайдо қилади. Реал ўзгаришлар эса барча янгиликларнинг фақатгина бир қисминигина сақлаб қолади. Шундай қилиб, инновациялар ёки янгилик киритиш деганда нафақат янги технологияларни тадбиқ қилиш ва янги маҳсулот ишлаб чиқариш, балки бизнесни ташкил этишдаги, фирмани бошқаришдаги, истеъмолчилар билан ўзаро муносабатлардаги ўзгаришлар ҳам тушунилади.

Адабиётларда “инновация” тушунчасини аниқлашда турлича ёндошувлар мавжуд: моҳияти ёки ички тузилишига қараб инновациялар технологик, ташкилий, маркетинг ва бошқаларга ажратилади.

Америкалик профессор Ф.Котлер инновацияни оммавий ишлаб чиқаришга йўналтирилган ва бозорга чиқарилган, истеъмолчи томонидан мутлақо янги ёки қисман ноёб таркибли маҳсулот каби қабул қилинадиган  ғоя, маҳсулот ёки технология сифатида тушунтиради.

Иқтисодчи Й. Шумпетер 1900 йилларда биринчилардан бўлиб илмий истеъмолга “инновация” терминини киритган олим ҳисобланади. У инновацияни тадбиркорликка асосланган ишлаб чиқариш омилларининг янги илмий-ташкилий мажмуаси сифатида изоҳлайди. Унинг концепцияси қуйидаги беш турдаги инновациядан иборат: муомалага янги маҳсулотни киритиш; янги ишлаб чиқариш усулларини жорий этиш; янги бозорларни очиш; хом-ашё ёки бошқа бошланғич бойликлар билан таъминловчи янги манбаларни ўзлаштириш; у ёки бу саноат тармоғи учун янги бозор тузилмаларини яратиш.

Шу ўринда дунёга машҳур инсонлардан бири “замонавий менежментнинг отаси” деб тан олинган П. Друкернинг инновация тўғрисидаги айрим фикрлари ҳам аҳамиятга моликдир.

П. Друкер “Эртанги кун – бу имконият” деган иборани тез-тез такрорлаб турган. У келажакдаги имкониятларни прогноз қилиш ва унга пул маблағларини сарфлай олиш қобилияти компаниянинг энг муҳим хусусиятларидан бири деб ҳисоблаган.

П. Друкернинг фикрича, фақатгина товарни яратишга ёки брендни кенгайтиришга йўналтирилган инновацион жараёнларга нисбатан умумқабул қилинган қарашлар масаланинг моҳиятини акс эттирмайди. У ҳақиқий инновация харидорларнинг истакларини кескин ўзгаришини талаб этади деб ҳисоблаган.

Друкер агар сиз инновацияни нималигини билмасангиз унда сиз бизнес билан шуғуллана олмайсиз деган қатъий фикрга келган. “Starbucks” компанияси эса П. Друкер тасаввур қилган ҳақиқий инновация намунаси бўла олади. 1971 йилда биргина кафедан бошлаб 2006 йилга келиб “Starbucks” дунёнинг 37 мамлакатида 12 мингтагача савдо нуқталари эга бўлган йирик компанияга айланди. “Starbucks” истеъмолчига фақатгина одатдагидан хушхўр бўлган бир чашка кофе таклиф қилиш учунгина ташкил этилмаган эди. Бу кофе чакана савдосидаги эскича қараш эди. Компания раҳбариятида кенгроқ кўламдаги фикр пайдо бўлди: “Starbucks” кафесини одамлар ўз ҳаётидаги шиддатли суръатдан дам оладиган – уй ва офис ўртасидаги ўзига хос жойга айлантира олиш. Бошқача айтганда компания кофе уруғларини майдалаш, қайнатиш ва фильтрлаш каби оддий жараёнлар доирасидан узоққа чиқиб кетди ва у истеъмолчиларнинг умид ва истакларини ўзгартира олди.

П. Друкернинг келажак авлодга қолдирган энг катта туҳфаси – бу компания менежерлари ва ишчиларини келажакни қандай яратишни ўргатадиган ижодий меросидир. Питернинг инновацияга боғлиқ қуйидаги фикри жудаям катта аҳамиятга эга: тадбиркор қуйидаги тўртта восита ёрдамида бойлик келтирувчи янги ресурсларни ярата олади:

1. Доимий равишдаги ўтмишдан воз кечишга ва инновация учун жой ажратишга қаратилган иш.

2. Имкониятларни доимий излаш.

3. Ушбу имкониятларни харидорлар учун қадрли қила олиш.

4. Ресурсларни стратегик жойлаштириш.

Бугунги кунда Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилоти (ИҲТТ) ҳамда Евростат “инновация” терминига ўзларининг талқинларини таклиф этмоқда.  Унга кўра, инновация - бу қандайдир янги ёки сезиларли яхшиланган маҳсулот (товар ёки хизмат) ёки жараённи, маркетингнинг янги усуллари ёки амалиётга янги ташкилий усулни истеъмол учун киритиш, иш ўринлари ёки ташқи алоқаларни ташкил этишни намоён қилади. Юқоридагилардан келиб чиқилса, инновацияни ёки ғояни ҳақиқатда амалга оширишга олиб келадиган барча илмий, технологик, ташкилий, молиявий ва тижорат фаолияти инновацион фаолият ҳисобланади.

Албатта барча соҳаларда янгиликларга интилиш ҳамда рақобат кучайиб бораётган бугунги даврда самарасиз ўтмишдан воз кечган ҳолда инновацияларга кенг йўл очиб бериш тараққиётнинг энг муҳим асоси бўлиб ҳисобланади.

Айнан бугун давлатимиз раҳбари инновацияларни жамиятимизнинг барча жабҳаларига зудлик билан тадбиқ этишни талаб этаётганлиги ҳам бежизга эмас. Дарҳақиқат, инновациялар мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиши ва ривожланган давлатлар даражасига эришишида энг асосий омил ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда илмий ишланмаларни иқтисодиётнинг реал секторига жорий этиш бўйича самарали механизм ривожлантирилмоқда.

Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ҳамда инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ҳамда технопаркларни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилган.

Шу билан бирга, республика вилоятларида бўлиб ўтаётган халқ билан бевосита мулоқот пайтида мамлакатимиз Президенти томонидан барча ҳудудда илм-фан салоҳиятини тиклаш, ҳудудларнинг комплекс ривожланишини таъминлашда мавжуд интеллектуал салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда. Ушбу вазифаларни амалга оширишда илмий изланишларни ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг реал муаммоларига йўналтириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий интеграцияни таъминлаш, ўз навбатида, ишлаб чиқариш корхоналари томонидан олимларнинг илмий-технологик ишланмаларини амалиётга жорий қилиш самарадорлигини ошириш механизмларини яратиш масалалари ўта муҳим аҳамият касб этади.

Иқтисодиётнинг инновацион ривожланишида академик фаннинг аҳамиятини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2789-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан кенг кўламли миқёсдаги аниқ мақсадли ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5099 сонли фармонига мувофиқ, ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларини шакллантириш ва фаол ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, ахборот технологиялари маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва буюртмачиларига қўшимча имтиёзлар ва преференциялар бериш ҳисобига ушбу тармоқда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашувини янада чуқурлаштириш, АКТ маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, шунингдек маҳаллий ва хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантириш мақсадида Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича "Mirzo Ulugbek Innovation Center" инновация маркази ташкил этилди.

Шу билан бирга, илғор хорижий тажриба, жаҳон фанининг замонавий ютуқлари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар асосида иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал инновацион ривожлантиришни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПФ-5264 сонли фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди. Ушбу фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланишининг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланган:

мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишнинг узоқ муддатли сценарийлари асосида устувор соҳа ва тармоқларни инновацион ривожлантиришнинг келажакдаги моделларини шакллантириш имконини берадиган стратегик режалаштириш тизимини яратиш;

давлат хизматлари кўрсатишнинг тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва соддалаштиришни, давлат бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишни таъминлайдиган давлат бошқарувининг инновацион шаклларини жорий этиш;

илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини, энг аввало, ёш авлоднинг ижодий ғоялари ва ишланмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, шунингдек, ушбу фаолиятда иқтидорли ёшлар фаол иштирок этиши учун қулай шароитлар яратиш;

инновация фаолияти соҳасида илғор хорижий (халқаро) ташкилотлар билан, шу жумладан уларни ноу-хау, нанотехнологиялар ва юқори технологик товар (иш, хизмат)ларни ишлаб чиқаришнинг маҳаллий бозорига жалб қилиш орқали ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқалар.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йилни Ўзбекистонда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”  деб эълон қилиниши мамлакатимизнинг инновацион ривожланиши йўлида қўйилган муҳим қадам бўлди десак муболаға бўлмайди.

Шу ўринда, дунёга машҳур Apple компаниясининг асосчиси Стив Джобснинг “Инновация лидерни уни қувиб етувчилардан ажратиб туради” деган фикрини келтириб ўтмоқчиман.

Умуман олганда,  сиз билан бизнинг асосий мақсадимиз мамлакатимизнинг инновацияларни яратувчи лидер давлатлар қаторидан жой эгаллаши учун қулай замин яратишни таъминлаш бўлмоғи лозим.

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING FARMONI
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASIDA 2022 YILDA AHOLINI ROʻYXATGA OLISHNI OʻTKAZISH KONSEPSIYASINI TASDIQLASH TOʻGʻRISIDA
O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING QARORI
DAVLAT BOSHQARUVINING OCHIQLIGI VA SHAFFOFLIGINI TA`MINLASH HAMDA MAMLAKATNING STATISTIKA SALOHIYATINI OSHIRISH YUZASIDAN QO`SHIMCHA CHORA-TADBIRLAR TO`G`RISIDA
PRESS-RELIZLAR
CHORAK NATIJALARI
USLUBIY MATERIALLAR

DIAGRAMMA VA GRAFIKLAR
 
ISTE`MOL NARXLARI INDEKSI KALKULATORI

TADBIRKORLAR UCHUN

Tugmani bosing Tinglash