Welcome to Statistika qo'mitasi   Click to listen highlighted text! Welcome to Statistika qo'mitasi Powered By GSpeech

Бердиқулов Қобил Ғуломович,
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг
Хизматлар соҳаси статистикаси бошқармаси бошлиғи

Замонавий жамият ҳаётида хизматлар соҳаси жуда кенг тарқалган ҳодиса ҳисобланади. Бугунги кунда у ёки бу турдаги хизматлар кўрсатмайдиган ёки ҳеч бўлмаганда унга дуч келмаган корхоналар деярли йўқ. Ҳар биримиз ҳар куни хизмат кўрсатиш таъсирида бўламиз. Биз уяли алоқа, Интернет, савдо-кўнгилочар марказлар, умумовқатланиш, гўзаллик салонлари, консалтинг, тиббий ва ўқув марказлари хизматларидан фойдаланамиз, турли транспорт воситаларида сафар қиламиз ва юк ташиймиз.  Бу барча хизмат турлари хизматлар соҳаси тушунчасини ташкил этади.

Хизматлар соҳаси нимани ўзида акс эттиради?

Хизматлар соҳаси – корхоналар, ташкилотлар ҳамда жисмоний шахслар томонидан кўрсатиладиган турли хизмат турларини такрор ишлаб чиқаришни ўз ичига олган жамланма соҳа ҳисобланади. Бошқача айтганда, хизматлар соҳаси тижорат, касбий ва маиший хизматларни кўрсатишга ихтисослашган мамлакат иқтисодиётининг тармоқлари ҳисобланади.

Хизматларнинг истеъмолчиси сифатида кўпчилик унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунмайди.

Хизматлар ўзи нима?

Адабиётларда хизматлар тушунчасининг бир нечта таърифлари мавжуд:

бу фойдали ҳаракатлар, иш ёки умуман олганда фаолият;

бу сотиш мақсадида ишлаб чиқариладиган номоддий активлар;

бу жараён ёки бир қатор ҳаракатлар, яъни бу ҳаракатлар қийматни яратиш воситаси бўлиши мумкин. Улар қиймат яратиши мумкин, лекин уларнинг ўзи мустақил қиймат ҳисобланмайди.

Хизматлар бу истеъмолчиларнинг (юридик ва жисмоний шахслар) ҳолатини ўзгартирадиган ёки товарлар, хизматлар ёки молиявий активларни айирбошлашда кўмаклашадиган ишлаб чиқариш фаолияти натижасидир.

Иқтисодиётда хизматлар бозор ва нобозор хизматларга бўлинади. Бозор хизматлари олди-сотди объекти сифатида иқтисодий аҳамиятга эга нархларда (хизматлар ишлаб чиқарувчи харажатларини тўлиқ ёки қисман қоплайдиган) реализация қилинадиган хизматлар ҳисобланади.

Нобозор хизматларга истеъмолчиларга иқтисодий аҳамиятга эга бўлмаган нархларда (бепул асосда) кўрсатиладиган хизматлар  тааллуқли бўлади. Улар ижтимоий йўналтирилган бўлиб, ҳар қандай даражада бюджетдан ёки бюджетдан ташқари фондлардан, шунингдек, жамоат ташкилотлари фондлари маблағлари ҳисобидан тўланадиган хизматлардир. Бепул хизматлар, масалан, бепул таълим, соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви, мудофаа ва бошқа хизматларни ўз ичига олади.

Хизматлар соҳаси моддий ишлаб чиқаришга нисбатан бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга.

Биринчидан, товарлардан фарқли равишда хизматлар бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқарилади ва истеъмол қилинади ҳамда сақланмайди.

Иккинчидан, хизматлар кўпинча маҳсулотларга қарама-қарши қўйилади, ваҳоланки, саноатда хизматларнинг аҳамияти ошиб бормоқда, яъни булар ускуналарни таъмирлаш, сотишдан кейинги хизмат кўрсатиш ва товарларни сотиш билан боғлиқ бошқа хизматлар. Айтиш мумкинки, кўп ҳолларда хизматлар маҳсулотнинг элементи бўлгани каби, маҳсулотни сотишда ҳам хизмат элементи мавжуд.

Нима учун хизматлар соҳаси мамлакат ривожи учун муҳим ҳисобланади?

Мамлакатнинг иқтисодий ҳолатини баҳолашда хизматлар соҳасининг кўлами, таркиби ва ривожланиш даражаси алоҳида ўрин тутади.

Хизматлар соҳаси - саноат ва қишлоқ хўжалиги билан бир қаторда иқтисодиётнинг учта асосий таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Хизматлар соҳасининг ЯИМдаги улуши бўйича мамлакат иқтисодиётининг тараққиёт даражасини баҳолаш мумкин. Иқтисодий ривожланган мамлакатларда ЯИМ ўсишининг асосий қисми хизматлар соҳасига тўғри келади.

Мисол учун, 2016 йилда хизматлар соҳасининг ЯИМдаги улуши АҚШда 78 % ни, Европада 70 % дан ортиқни, Хитойда - 51,6 % ни ташкил қилган.  МДҲ давлатларида, масалан, Қозоғистонда бу кўрсаткич 54,2 %, Белорусда 48,0 % ни ташкил этган. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2017 йил январь-декабрь ойларида 47,3 % га тенг бўлди.

Шу билан бирга, хизматлар соҳаси иқтисодий ривожланган мамлакатларда иқтисодиётнинг ва банд бўлганларнинг асосий қисмини ташкил этади. Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётида банд бўлган аҳолининг 49,7 % ни хизматлар соҳаси ташкил этади.

Замонавий шароитда хизматлар соҳаси бўш вақтни кўпайтиришга ёрдам беради, жамият ва одамларнинг эҳтиёжларини янада кўпроқ қондириш ва ошириш имкониятини яратади ҳамда замонавий ҳаёт сифатини шакллантиришнинг муҳим элементи сифатида намоён бўлади.

Биласизми?

Иқтисодий фаолиятнинг ўзига хос тури сифатида хизматлар соҳаси инсоният тараққиётининг илк босқичларида пайдо бўлиб, моддий ишлаб чиқаришнинг юксалиши - жамиятда бевосита моддий бойлик ишлаб чиқармайдиган кишиларни қамраб олиш имконияти сифатида белгиланди. Энг аввало, маъмурий фаолиятнинг ихтисослашуви (дастлабки жамиятдаги йўлбошчилар, жамиятнинг давлат ташкилотлари маъмурий аппарати), руҳонийлар томонидан ижтимоий хизматлар кўрсатилиши, мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича хизматлар (профиссионал армия, судьялар) пайдо бўлди.

Жамиятнинг ривожланиши билан хизматларнинг янги янги соҳалари пайдо бўлди. Қадимги жамиятда деярли замонавий хизматларга мос келадиган транспорт, савдо, илм-фан, соғлиқни сақлаш, таълим, молия, маданият, дам олиш ва ҳ.к. каби кенг кўламли хизматлар кўрсатилди. Фақат XIX-XX асрларда уларга нисбатан бирмунча янги турлар – алоқа, маркетингнинг айрим турлари, аудиторлик хизматлари қўшилди.

XX асрнинг ўрталаригача хизматлар соҳаси нисбатан иккиламчи иқтисодий фаолият деб ҳисобланди. Гарчи у ишчиларнинг жуда катта қисмини қамраб олсада, асосан паст даражадаги малакага эга бўлган ходимлар (айниқса, хизматлар кўрсатишнинг энг катта соҳаси бўлган савдо соҳасида) эди. Айнан хизматлар соҳасининг иқтисодиётдаги паст роли туфайли XVIII асрдан XX аср ўрталаригача бу соҳадаги иш умуман жамият бойлигини кўпайтирмайди деб ҳисобланди.

Хизматлар соҳасининг ривожланиш даражаси жуда паст бўлганлигининг асосий сабаблари давлат мулкининг устуворлиги ва хизматлар соҳасини молиялаштиришда қолдиқ принципи асосида амалга оширилганлиги бўлди.

Аҳоли истеъмол бюджетида хизматлар улушининг жуда паст даражаси юзага келди, бу эса ниҳоятда чекланган ассортиментдаги ва паст сифатли маҳсулотларга бўлган талаб ва тўлов қобилиятининг деформациясига олиб келди. Турмуш, дам олиш ва бўш вақт соҳасида сифат стандартларининг жуда пастлиги моддий ишлаб чиқаришнинг ривожланишига таъсир кўрсатди. Хизматлар кўрсатиш соҳасидаги корхоналарнинг моддий-техника базаси ибтидоий даражадалиги билан ажралиб турарди (маҳаллий саноат деярли зарур ускуналарни ишлаб чиқаришга йўналтирилмаган), малакаси паст ишчи кучидан фойдаланилган, чунки хизматлар соҳасида меҳнат ҳақи энг паст даражада эди ва юқори малакали ишчилар бошқа тармоқларга ёки яширин фаолият турларига кетиб қолишар эди.

Хизматлар соҳасида барқарор ривожланиш XX асрнинг иккинчи ярмида нафақат ривожланган, балки ривожланаётган мамлакатларда ҳам кузатилди. Натижада хизматлар соҳасининг кўлами кенгайди ва мамлакат ЯИМнинг катта қисмини эгаллади.

Хизматлар соҳасининг ўсишига нима таъсир кўрсатди?

Турли хилдаги хизматларга бўлган талабнинг ошишини бир қатор омилларнинг таъсири билан изоҳлаш мумкин.

Фаровонликнинг ошиб бориши натижасида истеъмолчиларнинг мунтазам амалга ошириладиган, масалан, йиғиштириш, тозалаш, овқат тайёрлаш ва ҳ.к. каби ишларини енгиллаштиришга бўлган истаклари қулай хизматлар саноатининг ривожланишига олиб келди.

Даромадларнинг ошиши ва қўшимча бўш вақтнинг пайдо бўлиши дам олиш ва спорт билан шуғулланиш каби бир қатор хизматларга бўлган талабни оширди.

Уй шароитида юқори технологик маҳсулотлардан (шахсий копьютерлар, мултимедияли аудио ва видео ускуналари, хавфсизлик тизимлари) фойдаланишнинг ўсиши уларни ўрнатувчи ва техник хизмат кўрсатувчи мутахассисларга бўлган эҳтиёжни оширди.

Бозор хизматлари тўхталадиган бўлсак, бозорлар ва технологияларнинг такомиллаштирилиши компанияларнинг бозор тадқиқотлари, маркетинг ишланмалари ва техник маслаҳатлар билан шуғулланувчи корхоналарга бўлган эҳтиёжларини кучайтиради. Бундан ташқари, доимий харажатларни қисқартириш зарурияти компанияга махсус хизматларни мустақил бажариш билан боғлиқ қўшимча харажатлар қилгандан кўра тайёр хизматни сотиб олишга мажбур қилади. Компаниялар бажонидил хизматларни сотиб олишади, чунки бу ўзларининг ишлаб чиқаришига қўшимча капитал қўйилмалар киритилишини олдини олади ва шу билан мослашувчанликни сақлайди.

Ва ниҳоят, кўплаб компаниялар ўз фаолиятларини юқори даражада ихтисослашган соҳаларда жамлашга ҳаракат қилади. Улар ёрдамчи фаолият турларидан хусусан, сақлаш ва ташишдан воз кечишади, шу тариқа хизматлар соҳасининг кенгайишини рағбатлантиради. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, хизматлар соҳасининг ўсишига олиб келади.

Хизматлар соҳасининг иқтисодиётдаги ўрни ва таъсирининг ошиши хизматларни таснифлаш ва хизматлар соҳасини тартибга солиш даражасини аниқлаш мақсадида тадқиқодлар ўтказиш зарурлигини талаб қилди.

Хизматлар нима асосида таснифланади?

Ҳозирги вақтда иқтисодий фаолият турлари бўйича хизматларни таснифлаш “Ўзстандарт” агентлигининг 2015 йил 19 январдаги 05-612-сон қарори билан тасдиқланган ва жорий этилган Ўзбекистон Республикаси иқтисодий фаолият турлари бўйича Маҳсулотларнинг (товарлар, ишлар, хизматларнинг) статистик   таснифлагичига (МСТ) мувофиқ амалга оширилади.

Бозор хизматлари қандай шакллантирилади?

Бозор хизматлари ҳажми барча иқтисодий фаолият турлари бўйича маҳсулотларнинг (товарлар, ишлар, хизматларнинг) статистик   таснифлагичига асосан таснифланган хизматларнинг тегишли қисми (G-S секциялар) бўйича шакллантирилади:

1. Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари.

2. Молиявий хизматлар.

3. Транспорт хизматлари.

4. Яшаш ва овқатланиш хизматлари.

5. Савдо хизматлари.

6. Кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар.

7. Таълим соҳасидаги хизматлар.

8. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар.

9. Ижара хизматлари.

10. Компьютерлар ва маиший товарларни таъмирлаш бўйича хизматлар.

11. Шахсий хизматлар.

12. Меъморчилик, муҳандислик изланишлари, техник синовлар ва таҳлил соҳасидаги хизматлар.

13. Бошқа хизматлар.

Ўзбекистон Республикасида иқтисодий фаолият турлари бўйича хизматларнинг статистик ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 февралдаги “2016-2020 йилларда хизматлар соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги 55-сон қарори билан тасдиқланган Хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурига мувофиқ  амалга оширилади.

Ишлаб чиқарилган (кўрсатилган) хизматлар ҳажми, бу хизматлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган ва хизмат кўрсатиш асосий фаолият тури ҳисобланмайдиган барча хизматлар ишлаб чиқарувчилари (юридик ва жисмоний шахслар) томонидан кўрсатилган бозор хизматлари қийматини англатади.

Иқтисодий фаолиятнинг алоҳида турлари бўйича бозор хизматлари ҳажми нималар ҳисобига шакллантирилади?

Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари коммуникация соҳасидаги хизматларни, жумладан, телефон алоқаси, телекс, телеграф, радиоэшиттириш, электрон почта, сунъий йўлдош ва факсимил алоқаси орқали товушли ахборот, тасвирлар ва бошқа ахборот оқимларини узатиш каби хизматларни қамраб олади. Шунингдек, тижорат ахборот каналларига хизмат кўрсатиш, телеалоқа ёрдамида конференцияларни ўтказиш ва уларга тегишли хизматлар кўрсатиш, маълумот ва ахборот хабарларини қайта ишлаш билан боғлиқ ахборот хизматлари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва жорий этиш хизматларини ҳам ўз ичига олади.

Молиявий хизматлар молиявий воситачилик ва суғурта фаолиятини ўз ичига олади. Молиявий воситачилик хизматларига пул-кредит воситачилиги хизматлари (молиявий лизинг, кредит бериш, шу жумладан ломбардлар), дилерлар ва инвестиция фондларининг молиявий воситачилиги, молия бозорлари (товар, фонд ва валюта биржалари) учун ёрдамчи молиявий воситачилик хизматлари ва бошқа молиявий хизматлар киради.

Молиявий хизматлар ҳажмида молиявий воситачилик ҳисобидан олинган фоизли даромадлар ҳажми (хизматлар учун белгиланган тўловлар миқдорида), ҳамда қарз бериш ёки омонатни сақлаш бўйича молиявий муассасаларнинг хизматлари учун тўловлар ҳисобга олинади.

Ҳаётни, мол-мулкни, транспорт воситаларини суғурта қилиш хизматлари ва бошқа суғурта турлари суғурта ташкилотлари томонидан тақдим этилади. Суғурталовчиларнинг суғурта хизматлари ҳажми бевосита суғурта қилиш бўйича суғурта мукофотлари тушуми ҳисобланади. Бунда қайта суғурта қилиш бўйича қабул қилинган шартномалар бўйича суғурта мукофотлари ҳисобга олинади ҳамда суғурталовчиларга қайта суғурта қилиш учун берилган шартномалар бўйича суғурта мукофотлари чиқариб ташланади. Бундан ташқари, молиявий хизматлар суғурта соҳасидаги ёрдамчи хизматларни (актуарийлар, аджастерлар, суғурта сюрвейерлари ва ассистанслар) ҳам ўз ичига олади.

Транспорт хизматлари транспортнинг барча турларида юклар ва йўловчиларни ташиш фаолияти ҳамда ташиш учун ёрдамчи хизмат турлари, шу жумладан логистика хизматларини ўз ичига олади.

Логистика – иқтисодий субъектлар ўртасида товарлар, хизматлар ва ахборот алмашинуви билан боғлиқ фаолият тури ҳисобланади. Логистик функцияларга буюртмани қайта ишлаш, материаллар оқимини шакллантириш, маҳсулотларни йиғиш, қадоқлаш, ташиш, сақлаш ва ҳ.к. киради.

Амалдаги нархларда транспорт фаолияти бўйича бозор хизматлари кўрсатиш ташишдан ҳамда транспорт турлари бўйича транспорт фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолиятдан (юклаш ва тушириш, транспорт-экспедиторлик хизматлари ва б.қ.) тушган тушум суммаси сифатида аниқланади. Автомобил транспортида юкларни ташиш бўйича бозор хизматлари ҳажмига ўз эҳтиёжлари учун (масалан, ўз маҳсулотларини (товарларини) ўзининг чакана савдо тармоғига, ички хўжалик, ички завод, ички объект ва шунга ўхшаш) етказиб бериш бўйича хизматлар ҳажми қўшилмайди.

Яшаш ва овқатланиш хизматлари қисқа муддатли турар жойлар, меҳмонхоналар, мотеллар ва бошқа турар жойлар билан таъминлаш ҳамда озиқ овқат ва ичимликлар етказиб бериш бўйича хизматлар кўрсатишни ўз ичига олади.

Савдо хизматлари улгуржи ва чакана савдо хизматларини бирлаштирган ҳолда шартномалар, буюртмалар, комиссиялар ёки агентлик шартномалари асосида бошқа шахс манфаатлари учун товарларни олди-сотдиси бўйича воситачилик хизматлари ҳамда автомобиллар ва мотоциклларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича хизматларни ҳам ўз ичига олади.

Кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар – турар жой ва нотурар жой биноларини ижарага бериш хизматлари ҳамда кўчмас мулкни сотиб олиш ва сотишда воситачилик хизматларини ўз ичига олган кўчмас мулк билан боғлиқ операциялар бўйича фаолият ҳисобланади.

Таълим соҳасидаги хизматлар давлат муассасаларида, жумладан, олий, ўрта махсус, касб-ҳунар, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаларида тижорат таълим хизматлари, шунингдек, ҳар қандай даражадаги хусусий таълим ва ҳар қандай касбга ўқитиш, радио ва телевидение, Интернет-каналлар ва почта жўнатмалари орқали ўқитиш билан боғлиқ хизматларни ўз ичига олади.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар стационар шифохона муассасалари, поликлиникалар, стоматология муассасалари, тиббий лабораториялар томонидан пуллик асосида кўрсатиладиган хизматлар комплексини ўз ичига олади.

Ижара хизматлари – операторсиз машина ва ускуналарни ижарага бериш, маиший жиҳозлар ва шахсий буюмларни ижарага бериш бўйича хизматлар.

Меъморчилик, муҳандислик изланишлари, техник синовлар ва таҳлил соҳасидаги хизматлар лойиҳалаш, тадқиқот, конструкторлик, технологик ва бошқа муҳандислик хизматлари, шунингдек ихтисослашган ташкилотлар томонидан шартнома асосида бажариладиган қурилиш назорати хизматларини ўзида акс эттиради.

2017 йил январь-декабрь ойларида иқтисодий фаолият
турлари бўйича бозор хизматлари таркиби, % да

Замоновий иқтисодиётда хизматлар соҳасининг тутган ўрни ушбу соҳада иқтисодий ўсишга асос бўладиган муҳим омиллар шакллантирилиши билан изоҳланади. Булар айнан, янги илмий маълумотлар, ақлий капитал, ахборот технологиялари, молиявий хизматлар сектори, консалтинг ва б.қ.

Инвестицияларни жалб қилиш, хизматлар кўрсатиш соҳасида инновацион технологиялардан фойдаланиш, сифатини ошириш, кўрсатилаётган хизматлар турлари ва таркибидаги ўзгаришлар янги хизмат турларини ривожлантиришга кўмаклашади.

Бозорда янги хизматларнинг пайдо бўлиши истеъмолчиларнинг истиқболли талаблари билан белгиланади ва жаҳон илмий-технологик ривожланишининг сўнгги тенденцияларига ва инновацион янгиликларга асосланган. Хизматлар инновацияси нафақат янги ёки янгиланган хизмат турларини пайдо бўлишига боғлиқ, шунингдек, хизматлар кўрсатиш жараёнлари ва технологик операцияларини такомиллаштириш билан боғлиқ бўлиб, умуман олганда, улар истеъмол қийматини оширишга йўналтирилган.

Технологик инновацияларнинг моҳиятини аниқлашда янги маҳсулотлар (маҳсулот, ишлаб чиқариш воситалари) яратиш технологияси ва ушбу маҳсулотлар асосида тақдим этиладиган хизматлар ўртасидаги аниқ чегарани аниқлаш мушкул. Бу масалан, GPS, биотехнология, косметологияни яратиш ва қўллаш ва б.қ. Шунинг учун, хизмат кўрсатиш соҳасининг инновацион технологик  ривожланиши ва кучли илмий-техник мажмуани яратиш устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Республикамизда қандай янги хизмат турлари пайдо бўлди?

Электрон тижорат. Замонавий  ахборот дунёсида Интернетни кенг тарқалиши, логистика, электрон тўлов ва электрон ҳужжат айланиши тизимларининг пайдо бўлиши натижасида савдонинг янги шакли электрон тижорат (товарлар, ишлар, хизматлар олди-сотдиси бўйича ахборот тизимларидан фойдаланилган ҳолда тузилган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган) фаол ривожланмоқда .

Электрон тижорат республика иқтисодиётининг ажралмас қисмига айланди. Кўплаб истеъмолчилар Интернет тармоғи орқали хизматлардан фойдаланиб, товарларни сотиб олишмоқда. Тижорат ташкилотлари эса тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишда ушбу тармоқларнинг имкониятларидан фойдаланишмоқда.

Масофавий таълим. Тармоқли ахборот технологияларининг жадал ривожланиши таълим соҳасининг янги истиқболларини очиб берди. Замоновий таълим ва ахборот технологияларининг  бирлашиши янги интеграциялашган таълим технологияларини хусусан, Интернет-технологиялари асосида  шакллантириш имконини берди. Масофавий таълим электрон ўқув қўлланмалари ёрдамида олинган назарияни мустаҳкамлаш учун қўшимча маълумотларни деярли ҳар қандай жойдан юклаб олиш, бажарилган ишни топшириш, ўқитувчи билан маслаҳатлашиш имкониятини ўз ичига олади.

Электрон соғлиқни сақлаш. Мамалактимиз Президентининг ташаббуси билан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Республика электрон тиббий хизматларни ривожлантириш маркази “УзМедИнфо” томонидан “Соғлиқни сақлаш” ахборот  тизими мажмуи (миллий интеграциялашган соғлиқни сақлаш ахборот  тизими) яратилди.

2017 йил август ойидан бошлаб, Интернет тармоғи орқали ягона электрон рўйхатга олиш ва шифокор қабулига ёзилиш автоматлаштирилган ахборот тизими “Электрон поликлиника”
иш бошлади. Бугунги кунда Тошкент шаҳри ва айрим ҳудудлардаги кўплаб оилавий поликлиникаларда марказлаштирилган маълумотлар базаси яратилиб, амбулатория картаси ва касаллик тарихи электрон тизими йўлга қўйилган.

Тизимнинг афзаллиги – маълумотларни автоматик рўйхатга олиш имкониятлари, оилавий шифохоналарда ягона электрон амбулатория тиббий картасини  юрғизиш, аҳоли учун эса – уйдан чиқмасдан туриб шифокор қабулига ёзилиш, фуқаролар учун қулай бўлган вақтда бепул тиббий  хизмат олиш ҳисобланади.

Банк соҳасида инновациялар. Банкдаги бизнес-жараёнларни автоматлаштириш банк операцияларини янада самарали бошқариш, мижозларни сақлаб қолиш, банк ходимлари фаолиятини оптималлаштириш ва бўлинмалар ўртасида ўзаро алоқаларни ўрнатишга ёрдам беради. Бироқ, автоматлаштиришнинг асосий вазифаси доимий мижозлар оқимини жалб қилиш ва уларнинг қизиқишларини сақлаб қолиш учун маълумотлар тузилмасини яратиш ҳисобланади.

Замонавий автоматлаштириш тизимлари барча сўровларни улар қандай шаклда келиб тушганлигига қарамасдан бир-бири билан боғлаши мумкин. Масалан, телефон орқали, чат орқали, банк веб-сайтидаги шакл орқали ёки шахсан ташриф орқали. Шунинг учун бирламчи манбалар, яъни телефон суҳбатларини ёзиш, мижознинг ёзма хабарлари ва муаммоларни ҳал қилиш тарихи сақланади.

Ҳозирги вақтда кредит ва операцион фронт-офислардан кенг фойдаланилмоқда. Кредит фронт-офисларнинг афзаллиги шундаки, у жалб қилинган ходимлар сонига таъсир қилмаган ҳолда фаол хизматларга нисбатан 25 % кўпроқ сўровларни қабул қилиш имконини беради.

Тизимнинг такомиллаштирилган муҳим жиҳати “Тасдиқловчи ягона  ойна” бўлди. Ушбу бўлим жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган кредит аризаларига виза қўйиш жараёнларини оптималлаштиришга мўлжалланган. "Ягона ойна"да банк мутахассислари кредит олиш учун берилган аризаларнинг навбатини, яъни амалга оширилаётган аризалар, шунингдек, қарор қабул қилиш учун барча керакли ахборотларни кўришлари мумкин. Конвейер усулида ёндашув меҳнат унумдорлигини оширишга ёрдам беради ва кредит аризаларини кўриб чиқиш вақтини сезиларли даражада камайтиради, айниқса, жараёнга бир нечта банк экспертлари жалб қилинган бўлса.

Транспортда инновациялар. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида шаҳар йўловчи ташиш транспортининг манзилини аниқлаш бўйича электрон илова ишлаб турибди. Бу йўловчиларга транспортнинг келиш вақти ва жойини билиш имконини беради. Бундан ташқари, юкларни автомобил транспортида ташиш бўйича хизматни буюртма қилиш бўйича махсус мобил иловалар ҳамда шаҳарлараро ва халқаро автобус рейсларига билетларни брон қилиш ва буюртма қилиш электрон тизими ишлаб чиқилмоқда.

Инновацион хизматларнинг хилма-хиллигига қарамасдан, электрон иловаларнинг иш самарадорлиги Интернет-технологияларга боғлиқлигини ҳам инобатга олиш керак. Яқин келажакда Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан Интернетга уланиш тезлигини 2018 йилнинг ўзида камида тўрт баробар ошириш, уни 2020 йилгача МДҲ давлатлари даражасига етказиш ҳамда Интернетга кириш нархини пасайтириш режалаштирилган.

Хулоса қилиб айтганда, иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим қонуниятларидан бири бу иқтисодий ўсишнинг миллий иқтисодиётда хизматлар ўрнининг ошиб бориши билан ўзаро боғлиқлигидир.

Миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш жараёнлари нафақат хизматлар соҳасида юқори кўрсаткичларга эришишга, балки уни янада ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга ёрдам беради.

Хизматлар таркибининг сифат жиҳатдан кенгайиши янги иш ўринларини яратиш, инвестицион фаолиятни фаоллаштириш, илғор ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва самарали бошқарув усулларини жорий қилиш учун зарур бўлган хизматлар соҳасига хорижий капиталнинг кириб боришини ошириш ҳамда солиқ ва пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш имконини беради.

Буларнинг барчаси Ўзбекистонда хизматлар ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг оқилона таркибини шакллантириш ҳамда келажакда аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишни таъминлаш имконини беради.

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING FARMONI
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASIDA 2022 YILDA AHOLINI ROʻYXATGA OLISHNI OʻTKAZISH KONSEPSIYASINI TASDIQLASH TOʻGʻRISIDA
O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING QARORI
DAVLAT BOSHQARUVINING OCHIQLIGI VA SHAFFOFLIGINI TA`MINLASH HAMDA MAMLAKATNING STATISTIKA SALOHIYATINI OSHIRISH YUZASIDAN QO`SHIMCHA CHORA-TADBIRLAR TO`G`RISIDA
PRESS-RELIZLAR
CHORAK NATIJALARI
USLUBIY MATERIALLAR

DIAGRAMMA VA GRAFIKLAR
 
ISTE`MOL NARXLARI INDEKSI KALKULATORI

TADBIRKORLAR UCHUN

Tugmani bosing Tinglash