Расмий статистика соҳаси ортиқча тартиб-таомилларга барҳам бериш йўлида |
|---|
Жорий йилнинг 17 июнь куни давлат хизматларини кўрсатиш босқичларини мақбуллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларга ортиқча мажбуриятлар юклатилишининг олдини олиш, давлат ташкилотлари, аҳоли ва бизнес ўртасида рақамли мулоқотни тўлақонли йўлга қўйиш ва бу борадаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш мақсадида «Бюрократияни бартараф этиш – 2030» дастурини амалга ошириш ва инновацияларни жорий этиш бўйича лойиҳа офиси масъул ходимлари томонидан Миллий статистика қўмитасида амалий ишчи учрашув ташкил этилди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 ноябрдаги “Давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф–68-сон фармойишига мувофиқ ташкил этилди.
Учрашув давомида қўмита фаолиятидаги мавжуд иш жараёнларини таҳлил қилиш, ортиқча бюрократик босқичларни қисқартириш, маълумотлар алмашинувини соддалаштириш, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулайликларни ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Лойиҳа офиси вакиллари томонидан “Zero Bureaucracy” рақамли платформаси орқали таклифларни шакллантириш, кўриб чиқиш ва амалга оширилган ишларнинг самарадорлигини баҳолаш тартиби юзасидан тушунтиришлар берилди.
Учрашув якунида қўмита фаолиятида давлат ҳизматларини кўрсатишда ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш, маълумотларни қайта сўраш амалиётини камайтириш, рақамли ечимлардан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури доирасида амалга ошириладиган таклифларни шакллантириш бўйича келишиб олинди.
Мазкур учрашув Миллий статистика қўмитасида иш жараёнлари самарадорлигини ошириш, статистик маълумотларни тайёрлашда тезкорлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари учун қулай статистик хизматлар кўрсатишни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.


