2026 йил 30 июнь куни Тошкент шаҳрида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижаларига бағишланган конференция ўтказилди. Унда Миллий статистика қўмитаси мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижаларини тақдим этди.

Мазкур рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги ПФ–173-сон Фармонига мувофиқ 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилди.

p

Конференция Миллий статистика қўмитаси ҳамда БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг (UNFPA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда давлат органлари, халқаро ҳамкор ташкилотлар, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда рўйхатга олиш жараёнининг дастлабки натижалари, унда қўлланилган методологик ёндашувлар, рақамли технологиялардан фойдаланиш тажрибаси, шунингдек, тўпланган маълумотлардан давлат дастурлари ва стратегик қарорларни ишлаб чиқишда фойдаланиш масалалари юзасидан ахборот берилди.

p

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири мамлакатнинг демографик, ижтимоий-иқтисодий ва аграр ҳолати бўйича ишончли маълумотлар базасини шакллантиришга қаратилган йирик статистик жараён ҳисобланади. Бу тадбир орқали аҳоли сони, унинг ҳудудлар кесимида жойлашуви, ёш ва жинс таркиби, яшаш шароитлари, ижтимоий-иқтисодий ҳолати, шунингдек, қишлоқ хўжалиги субъектлари ва ресурслари бўйича муҳим маълумотлар шакллантирилди.

p

Дастлабки натижаларга кўра, онлайн рўйхатга олиш жараёнида аҳолининг 82,3 фоизи қамраб олинди. Аҳолининг қолган қисми эса “Маҳалла еттилиги” вакиллари томонидан уйма-уй юрган ҳолда планшетлар орқали рўйхатга олинди.

Рўйхатга олишдан кейинги кузатув натижаларига кўра, умумий аҳолининг 97,3 фоизи рўйхатга олинган ва 2,7 фоиз аҳоли турли сабаблар юзасидан рўйхатга олиш жараёнларида қатнашмаган. Бу халқаро меъёрлар бўйича нормал ҳолат бўлиб, турли давлатларда 10 фоизгача ва ундан юқори ҳолатлар кузатилган.

p

Рўйхатга олиш тадбирини ташкил этишда харажатлар самарадорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бир нафар шахсни рўйхатга олиш учун сарфланган харажат 0,12 АҚШ долларини ташкил этди.

Тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида 8,2 млндан ортиқ объектнинг геолокация маълумотлари шакллантирилди. Ушбу маълумотлар аҳоли пунктлари, турар жойлар, қишлоқ хўжалиги объектлари ва бошқа манзилли бирликларни аниқ ҳисобга олиш, кейинги таҳлилларда ҳудудлар кесимида аниқ маълумотлар билан ишлаш имконини беради.

p

Жараённи жойларда самарали ташкил этишда 55 мингдан ортиқ маҳалла еттилиги ходимлари иштирок этди. Рўйхатга олиш даврида OneID тизимидан фойдаланиш кўлами ҳам сезиларли даражада ошди. Хусусан, мазкур даврда OneID тизимидан 2,1 млн нафар янги фойдаланувчилар рўйхатдан ўтди.

p

Шунингдек, аҳоли мурожаатларига тезкор жавоб бериш мақсадида call-марказ фаолияти йўлга қўйилди. Рўйхатга олиш жараёни давомида call-марказ орқали кунига 2 мингдан ортиқ мурожаатга жавоб берилди.

p

Рўйхатга олиш тадбирининг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш, фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида кенг қамровли ахборот-тарғибот ишлари амалга оширилди. Хусусан, умумий тушунтиришлар, мультипликацион роликлар, саволномаларни тўлдириш бўйича махсус видеоқўлланмалар, фирибгарлик ҳолатларидан огоҳлантирувчи материаллар, OneID тизими орқали рўйхатдан ўтиш тартибига доир видеолар, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда жами 10 дан ортиқ видеороликлар тайёрланиб, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди. Фуқароларга рўйхатдан ўтиш тартиби, онлайн иштирок этиш имкониятлари, саволномани тўлдириш ва бошқа масалалар бўйича 30 дан зиёд брифинглар ўтказилди.

p

Республика миқёсида телеканаллар орқали жараёнга оид 723 та лавҳа ва репортаж эфирга узатилди, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда 19 мингга яқин тарғибот материаллари эълон қилинди, газеталарда 184 та мақола ва хабарлар чоп этилди. Шунингдек, машҳур шахслар, санъаткорлар, спортчилар, депутатлар, жамоатчилик фаоллари ва турли соҳа вакиллари иштирокида 100 дан ортиқ тарғибот интервьюлари тайёрланди, аҳоли гавжум жойларда 500 га яқин йирик баннер, 30 мингдан зиёд плакат ўрнатилди, 400 дан ортиқ LED-мониторларда тарғибот роликлари намойиш этилди.

p

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 1989 йилдаги рўйхатга олиш натижаларига нисбатан 2 баробарга ошган. Жорий статистик ҳисоб-китоблар бўйича 2026 йил 1 январь ҳолатига мамлакат доимий аҳолиси 38 236 704 нафарни ташкил этган бўлса, рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари бўйича 2026 йил 15 январь ҳолатига 39 047 321 нафарга етди. Фарқ 810 617 нафарни ташкил этди. Аҳолининг жинси бўйича тақсимотига кўра, эркаклар сони 19 766 166 нафарни, аёллар сони эса 19 281 155 нафарни ташкил этди.

Жараёнда Ўзбекистон ҳудудида 1 йилдан ортиқ муддат истиқомат қилаётган 56,9 минг нафар хорижий давлат фуқароси ҳам рўйхатга олинди. Уларнинг асосий қисми Ҳиндистон, Россия ва Қозоғистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келди.

Рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра, аҳолининг миллатлар бўйича таркибида ўзбеклар — 89,4 фоиз, тожиклар — 3,3 фоиз, қорақалпоқлар — 2,2 фоиз, қозоқлар — 1,8 фоиз, руслар — 1,6 фоиз, қирғизлар — 0,6 фоиз, туркманлар — 0,5 фоиз, бошқа миллатлар эса 0,6 фоизни ташкил этди. Аҳолининг 35,7 млн нафари ёки 91,3 фоизи ўзбек тилини она тили сифатида кўрсатган ва бу кўрсаткич этник ўзбеклар улушидан (89,4 фоиз) 1,9 фоиз пунктга юқори.

p

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижаларига кўра, бир йиллик экин майдонлари 23,0 фоизга, боғлар ва токзорлар 18,8 фоизга, иссиқхоналар 2,2 фоизга ва балиқ боқиш ҳавзалари 15,0 фоизга кўплиги аниқланди. Чорвачилик кўрсаткичларида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Хусусан, йирик шохли қорамоллар сони жорий ҳисоб-китобларга нисбатан 14,9 фоизга, қўй ва эчкилар сони 6,2 фоизга, отлар сони 11,2 фоизга камлиги аниқланган бўлса, паррандалар сони 12,7 фоизга ўсган.

p

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари келгусида демографик ўзгаришларни таҳлил қилиш, аҳолининг ҳудудлар кесимида жойлашувини баҳолаш, инфратузилмага бўлган эҳтиёжни аниқлаш, яшаш шароитлари ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича манзилли қарорлар қабул қилиш ва тегишли таҳлилларни амалга ошириш имконини беради. Конференцияда таъкидланганидек, рўйхатга олиш натижалари давлат дастурлари, ҳудудий ривожланиш стратегиялари, инфратузилма лойиҳалари, таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик, ижтимоий ҳимоя ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида режалаштириш ишларини янада аниқ ва манзилли ташкил этишга хизмат қилади.

p

 Рўйхатга олишнинг дастлабки маълумотлари Миллий статистика қўмитасининг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида доимий равишда эълон қилиб борилади.