Жорий йилнинг 17 август куни БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) эксперти Мариана Тотева ҳамда ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий статистиги Расмия Алиева Миллий статистика қўмитасига ташриф буюрди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад қишлоқ хўжалиги статистикаси бўйича мавжуд маълумотлар ва методологияларни ўрганиш, уларни ўзаро солиштириш, шунингдек йиллик қишлоқ хўжалиги статистикасида интеграциялашган ва модулли ёндашувларни такомиллаштиришдан иборат.
Ташриф доирасида 18 август куни Миллий статистика қўмитаси раиси Б. Ҳамраев, марказий аппарат масъул ходимлари ҳамда ФАО экспертлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ва мунтазам статистика кузатувлари доирасида шакллантирилган маълумотларни ўзаро таққослаш, улар ўртасидаги номувофиқликларни аниқлаш ва келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги статистикасида қўлланиладиган тушунча, таъриф, тасниф ва методологияларни уйғунлаштириш, маълумотларнинг ўзаро изчиллиги, аниқлиги ва давомийлигини таъминлаш юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот давомида маълумотларни мувофиқлаштириш бўйича халқаро тажриба ва методологик ёндашувларни миллий статистика амалиётига жорий этиш ҳамда кейинги чора-тадбирларни белгилаб олиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
ФАО экспертларининг Миллий статистика қўмитасига ташрифи 21 августга қадар давом этади.


