2026 йил 23–24 апрель кунлари Бишкек шаҳрида Қирғиз Республикаси статистикасининг 100 йиллигига бағишланган халқаро форум ҳамда МДҲга аъзо давлатлар статистика хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 75-йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур халқаро тадбирларда Ўзбекистондан Миллий статистика қўмитаси раиси ўринбосари Л. Мирсоатов бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Қирғиз Республикаси статистикасининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Статистика бизнес-жараёнларини модернизация қилиш: расмий статистиканинг янги экотизимини шакллантириш” мавзусидаги халқаро форумда расмий статистикани ишлаб чиқаришнинг замонавий жараёнларини жорий этиш, янги маълумот манбаларидан самарали фойдаланиш, статистик салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Форум доирасида Ўзбекистон миллий статистика тизимида ахборот тизимларини ривожлантириш, статистик маълумотларни шакллантириш жараёнларига рақамли ечимларни жорий этиш, маълумотлар сифатини ошириш ва фойдаланувчилар учун очиқликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот ўтказилди.

Шунингдек, Миллий статистика қўмитаси делегацияси МДҲга аъзо давлатлар статистика хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 75-йиғилишида иштирок этди. Йиғилишда МДҲ доирасида статистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, 2025 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби, 2026–2030 йилларда иқтисодий ривожланиш стратегиясини статистик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, МДҲ статистикасини ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳалар ҳамда навбатдаги йиғилишларни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Тадбирлар давомида Миллий статистика қўмитаси делегацияси халқаро ташкилотлар ва хорижий статистика идоралари вакиллари билан ҳамкорликни кенгайтириш, статистика тизимини модернизация қилиш, рақамли технологиялардан фойдаланиш, рўйхатга олиш натижаларини жорий статистика жараёнларига интеграция қилиш, маълумотлар сифатини ошириш ва илғор халқаро тажрибани ўрганиш юзасидан фикр алмашди.

Ушбу халқаро тадбирларда иштирок этиш Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг МДҲ мамлакатлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий статистика идоралари билан амалий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, миллий статистика тизимида замонавий ёндашувларни кенг жорий этишга хизмат қилади.


