2026 йил 8 сентябрь куни Миллий статистика қўмитаси ҳамда БМТ Болалар жамғармасининг (UNICEF) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида “Мультииндикатор кластер кузатуви (MICS) 2027” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатни Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев ҳамда UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Regina Maria Castillo имзолади.

Имзолаш маросимида Миллий статистика қўмитаси раиси бошчилигида марказий аппаратнинг масъул ходимлари, шунингдек, UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этди. Мазкур меморандум Ўзбекистон ва UNICEFнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида болалар, ўсмирлар ва аёллар фаровонлигини мониторинг қилиш, Барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичлари ҳамда миллий ва халқаро мажбуриятларни баҳолаш учун ишончли статистик маълумотларни шакллантиришга қаратилган.

Меморандум доирасида томонлар MICS-2027 кузатувини тайёрлаш ва ўтказиш, танланмани шакллантириш, маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш, сифат назорати, натижаларни таҳлил қилиш ва эълон қилиш йўналишларида ҳамкорлик қилади. Шунингдек, UNICEF MICS жамоаси томонидан танланмани шакллантириш, маълумотларга ишлов бериш, уй хўжаликлари кузатувини ташкил этиш, натижаларни шарҳлаш ва ҳисобот тайёрлаш бўйича техник кўмак ҳамда махсус семинарлар ўтказилиши назарда тутилган.


