Нью-Йорк шаҳрида жойлашган БМТ қароргоҳида 2026 йил 3 март куни БМТ Статистика комиссиясининг 57-сессияси ўз ишини бошлади. Ушбу нуфузли халқаро йиғилишда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Делегацияга Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев бошчилик қилмоқда.

p

Сессия доирасида дунё мамлакатлари расмий статистика соҳасидаги энг муҳим масалаларни муҳокама қилмоқда.

Жумладан:

2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадларини баҳолаш индикаторларини такомиллаштириш;

расмий статистикада сунъий интеллект ва замонавий рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш;

мамлакатлар тараққиётини фақат ялпи ички маҳсулот билан эмас, балки фаровонлик ва ижтимоий ривожланиш кўрсаткичлари орқали ҳам баҳолаш;

атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши бўйича статистик маълумотларни миллий ҳисоботларга интеграция қилиш каби долзарб йўналишлар кўриб чиқилмоқда.

Сессия доирасида муҳим воқеа рўй берди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Беҳзод Ҳамраев БМТ Статистика комиссияси Бюроси раиси ўринбосари (Vice-Chair) этиб сайланди.

Бу қарор Ўзбекистоннинг халқаро статистика ҳамжамиятидаги нуфузи ортиб бораётганини ва мамлакатимизда расмий статистикани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро миқёсда эътироф этилаётганини кўрсатади.

Мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирлари БМТнинг энг сўнгги халқаро тавсиялари асосида амалга оширилмоқда. Бу ҳам муҳим омиллардан бири бўлди.

Шунингдек, сессия доирасида Ўзбекистон делегацияси БМТ Статистика бўлими раҳбарияти, халқаро ташкилотлар ҳамда турли давлатлар миллий статистика идоралари раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил апрель ойида Ўзбекистон тарихда илк бор 2026–2029 йиллар учун БМТ Статистика комиссиясининг тўлақонли аъзоси этиб сайланган эди.

Бу эса мамлакатимизда очиқлик, ишончли маълумотлар ва замонавий статистика тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар халқаро миқёсда юқори баҳоланаётганидан далолат беради.