Жорий йилнинг 15–18 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT Park) ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул ходимлар учун ўқув-тренинглар ташкил этилди.

Ўқув-тренинглар доирасида мамлакатимизда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ошириш ҳамда очиқ маълумотлар экотизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг:

  • 2019 йил 9 апрелдаги PQ-4273-сон “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистик салоҳиятини ошириш тўғрисида”ги қарори,

  • 2022 йил 14 июндаги PF-154-сон “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони,

  • 2025 йил 19 сентябрдаги PF-173-сон “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони,

  • шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 808-сон “Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Тренинглар давомида очиқ маълумотлар тушунчаси, машинада ўқиладиган форматлар, очиқ маълумотлар порталлари, “Очиқлик индекси”, шунингдек, мамлакатимизда очиқ маълумотлар соҳасида сўнгги йилларда эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.

Ўқув-тренингларда 133 та вазирлик ва идорадан очиқликни таъминлашга масъул бўлган 350 нафардан зиёд вакиллар иштирок этди.

Тадбир якунида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш бўйича бундай ўқув-тренингларни келгусида ҳам мунтазам равишда ўтказиб бориш, шунингдек, ходимларнинг очиқ маълумотлар билан ишлаш бўйича малакалари ва кўникмаларини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.