Жорий йилнинг 8 январь куни Халқаро пресс-клубда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-клуб бўлиб ўтди. Тадбирда Миллий статистика қўмитаси раиси ўринбосари З. Зияев, Маҳаллалар уюшмаси раиси ўринбосари Ж. Инагамов, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари А. Тошпўлатов, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари А. Мўминов, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи Ж. Холов, бошқа масъул шахслар ҳамда журналист ва блогерлар иштирок этди.

p

Тадбирда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнига тайёргалик ишлари, тадбирнинг аҳамияти ва мазмун-моҳияти, амалга ошириш босқичлари, кутилаётган натижалар ва бошқа муҳим мавзулар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.

p

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилади. Рўйхатга олиш жараёни икки босқичда амалга оширилади.

p

Биринчи босқичда фуқароларга census.stat.uz сайти орқали интернет ёрдамида мустақил равишда рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади. Ушбу жараёнда шахсни идентификация қилиш OneID ягона идентификация тизими орқали амалга оширилади. Фуқаролар ўзлари ҳамда оила аъзолари ҳақидаги маълумотларни электрон саволномалар орқали мустақил равишда тўлдиришлари мумкин бўлади.

p

Иккинчи босқичда махсус тайёргарликдан ўтган мутахассислар — “маҳалла еттилиги” аъзолари томонидан уйма-уй юриб рўйхатга олиш ишлари олиб борилади.

p

Рўйхатга олиш натижалари халқаро стандартлар асосида қайта ишланиб, мамлакатнинг демографик ҳолати, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятини баҳолашда муҳим ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади. Ушбу маълумотлар ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва давлат дастурларини манзилли режалаштиришда қўлланилади.

p

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар.