Жорий йилнинг 18 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири юзасидан ўқув семинари ташкил этилди. Унда Миллий статистика қўмитаси масъул ходимлари ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари иштирок этди.


Тадбирда Миллий статистика қўмитаси раиси ўринбосари З. Зияев тақдимот қилиб, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти ҳамда жараёнларининг халқаро амалиётдаги ўрни ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.


Шунингдек, семинар давомида рўйхатга олиш тадбирларини ташкил этиш, маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш жараёнлари, рақамли технологиялардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.


Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 15 январдан 28 февралгача мамлакатимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади.

Рўйхатга олиш жараёни 2 босқичда ташкил этилади:
1 босқич 15-31 январь — 17 кун давомида census.stat.uz сайти орқали OneID тизими ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имкони яратилади.
2 босқич 4-28 февраль — “Маҳалла еттилиги” аъзолари уйма-уй юриб, планшет орқали рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этади.


