Бугун, 24 сентябрь куни Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг III халқаро статистика форуми ўз ишини бошлади. Тадбир “Халқаро лойиҳалар – статистиканинг ҳаракатлантирувчи кучи” мавзусига бағишланган.

Форум Озарбайжон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва МДҲ Давлатлараро статистика қўмитаси ҳамкорлигида, Бутунжаҳон статистика куни муносабати билан ташкил этилмоқда. Унда 15 мамлакат ва 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлардан юқори даражадаги делегациялар, шунингдек, илмий доира вакиллари ва экспертлар иштирок этмоқда.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикасидан Миллий статистика қўмитаси раиси бошчилигидаги делегация қатнашмоқда. Форумнинг биринчи кунида Миллий статистика қўмитаси раиси Ўзбекистон миллий статистика тизимини модернизация қилиш мавзусида тақдимот қилди.

Кун тартибида Миллий ҳисоблар тизими 2025, Халқаро таққослаш дастури – 2024, Аҳоли ва уй-жойни рўйхатга олиш – 2030 раунди, Барқарор ривожланиш мақсадлари мониторинги, тармоқлараро ва соҳавий статистик лойиҳалар, ахборот технологиялари, статистик маълумотларни интеграция қилиш ва смарт-маълумотлар, статистикада компетенцияларни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Форум 26 сентябргача давом этади.


