Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг март ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,6 фоизга ошган.

Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 107,1 % ни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига (2025 йил март — 110,3 %) нисбатан 3,2 фоиз бандга пасайди.

Март ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,2 % га, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 % га ҳамда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,2 % га қимматлашгани кузатилган.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан помидор (11,5 %), булғор қалампири (10,0 %), картошка (9,8 %), қовоқ (9,4 %), олма (7,4 %), банан (6,0 %), лимон (4,4 %), товуқ тухуми (2,1 %), мол гўшти (суяксиз гўштдан ташқари) (1,8 %), балиқ (1,7 %), шакар (1,7 %), қўй гўшти (1,2 %), кунгабоқар ёғи (1,0 %), кафе, ошхоналар, кафетерийлар ва газакхоналардаги тайёр таомлар (0,8 %) ва биринчи навли буғдой уни (0,6 %) нархларининг ошиши инфляцияга асосий таъсир кўрсатди.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан инфляцияни пасайтирувчи омил сифатида бодринг (-20,7 %), карам (-4,7 %) ва пиёз (-4,6 %) нархларининг пасайиши муҳим ҳисса қўшди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларидан томир кенгайтирувчи препаратлар (0,9 %), аёллар учун кўйлаклар (0,8 %) ҳамда цемент (0,8 %) нархлари ўсиши, шунингдек, пропан (-3,2 %), АИ-92 маркали бензин (-0,9 %) нархи пасайиши кузатилди.

Шунингдек, xизматлар нархи ва тарифларида маиший чиқинди учун ҳақ тўлаш (0,9 %) ва бўяш ишлари хизматлари (0,9 %) нархлари ошиши ҳамда ички ва халқаро йўловчи ҳаво транспорти (-4,1 %) тарифлари нархлари пасайиши асосий омил бўлиб хизмат қилди.

Батафсил (https://stat.uz/uz/matbuot-markazi/qo-mita-yangiliklar/67652-o-zbekiston-respublikasida-iste-mol-narxlari-indeksi-2026-yil-mart-1)

Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталаридан 1,2 млнга яқин нархлар қайд этилган. 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 98 турдаги хизматлар нархлари кузатилди.

photo_2026-02-06_10-35-35_p56557