Жорий йилнинг 2 декабрь куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда биринчи миллий қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун техник кўмак” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Тадбирда Миллий статистика қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, FAO, UNFPA ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.


Семинар давомида қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг мақсад ва вазифалари, амалга ошириш механизмлари, халқаро стандартлар ва замонавий методологиялар қўлланилиши юзасидан маълумот берилди. Шунингдек, рақамли маълумот йиғиш тизимларидан фойдаланиш, сифат назоратини такомиллаштириш, маълумотларни қайта ишлаш ва тарқатишнинг самарали тизимини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.


Лойиҳани амалга оширишда тегишли вазирлик ва идоралар ўртасидаги ҳамкорлик, халқаро экспертларнинг техник кўмаги ҳамда рўйхатга олиш жараёнининг барча босқичларини тўғри режалаштириш муҳим экани таъкидланди. Семинар иштирокчилари ўзаро фикр алмашиб, рўйхатга олишни юқори сифатда ташкил этишга қаратилган таклиф ва тавсияларни кўриб чиқдилар.



