Жорий йилнинг 29 сентябрь – 10 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасида Жаҳон банкининг “Статистикани ривожлантиришнинг миллий стратегияси” (СРМС)ни тайёрлаш бўйича техник ёрдам миссияси фаолият олиб борди.

Мазкур ташриф доирасида Жаҳон банки экспертлари Миллий статистика қўмитаси ҳамда вазирлик ва идоралар вакиллари билан бир қатор учрашув ва муҳокамалар ўтказдилар. Учрашувларда маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва тарқатиш жараёнлари, 2026–2030 йилларга мўлжалланган СРМСнинг устувор йўналишлари, Миллий статистика қўмитасининг ташкилий тузилмаси, роли ва масъулияти, шунингдек макроиқтисодий кўрсаткичларни ишлаб чиқаришда мавжуд муаммолар ва тўсиқлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, миссия доирасида статистик маълумотларнинг сифатини таъминлаш ва текшириш амалиёти, ахборот технологияларидан фойдаланиш, давлат органларининг статистик эҳтиёжлари ва маълумотлар алмашинуви механизмлари бўйича вазирлик ва идоралар билан мулоқотлар ташкил этилди.
Ташриф доирасида миссия иштирокчилари Наманган вилояти статистика бошқармаси фаолияти билан ҳам танишдилар ҳамда маҳаллий даражада статистик маълумотларни шакллантириш ва таҳлил қилиш жараёнларини ўргандилар. Шунингдек, БМТнинг Тараққиёт Дастури (UNDP), Болалар Ташкилоти (UNICEF), Аҳолишунослик Фонди (UNFPA), Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Осиё Тараққиёт Банки (ADB) ва Халқаро Валюта Жамғармаси (IMF) каби халқаро ташкилотлар вакиллари билан ҳам самарали учрашувлар бўлиб ўтди.
Миссия якунида Жаҳон банки мутахассислари ва Миллий статистика қўмитаси раҳбарияти ўртасида якуний учрашув ўтказилиб, статистик тизимни янада ривожлантириш бўйича тавсия ва таклифлар муҳокама қилинди.


