2026 йилнинг 14 январь куни Миллий статистика қўмитасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири юзасидан оммавий ахборот воситалари учун брифинг ташкил этилди. Унда Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев рўйхатга олиш тадбири бошланиши муносабати билан тадбирнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти, тайёргарлик ишлари, онлайн рўйхатдан ўтиш тартиби, ушбу мақсадда жорий этилган махсус ахборот тизими ва бошқа муҳим мавзулар юзасидан маълумот берди.

p

Брифингда таъкидланганидек, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган кенг қамровли статистик тадбир ҳисобланади. Ушбу жараён орқали аҳоли сони ва таркиби, яшаш шароити, меҳнат ресурслари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасининг реал ҳолати бўйича аниқ ва ишончли маълумотлар шакллантирилади. Олинган маълумотлар келгусида давлат дастурлари, ҳудудларни ривожлантириш режалари ва манзилли ижтимоий қарорларни ишлаб чиқишда асос бўлиб хизмат қилади.

p

Рўйхатга олиш тадбири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ–173-сонли Фармонига мувофиқ амалга оширилмоқда. Мазкур ҳужжатга асосан жараён “маҳалла еттилиги” тизимида фаолият юритаётган ходимларни жалб этган ҳолда ташкил этилмоқда. Маълум қилинишича, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда, 2026 йилнинг 15–31 январь кунлари фуқаролар махсус интернет портали орқали онлайн рўйхатдан ўтадилар. Ушбу усулнинг қулайлиги ва тезкорлигини инобатга олган ҳолда барча фуқароларга айнан шу тарзда рўйхатдан ўтиш тавсия этилади. Рўйхатга олиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида махсус ахборот тизими — census.stat.uz ишлаб чиқилган бўлиб, у веб-платформа ва мобил версияларни ўз ичига олади. Иккинчи босқичда эса 4–28 февраль кунлари “маҳалла еттилиги” тизими ходимлари томонидан уйма-уй юриб, саволномалар планшет қурилмалари орқали тўлдирилади.

p

Рўйхатга олиш тадбирини самарали ташкил этиш мақсадида республика, вилоят ва туман-шаҳарлар даражасида жами 223 та штаб фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу жараёнга жалб этилган “маҳалла еттилиги” тизимидаги 55 мингдан ортиқ ходимлар босқичма-босқич ўқитилиб, уларнинг малакаси оширилди.

p

Тайёргарлик ишлари доирасида 2025 йил декабрь ойида республика бўйича 7 миллиондан ортиқ турар жой объектларининг ГПС координаталари аниқланди. Шунингдек, Миллий статистика қўмитаси томонидан рўйхатга олиш жараёнларини реал вақт режимида кузатиб бориш имконини берувчи махсус мониторинг дашбордлари ишлаб чиқилди.

p

Ахборот тизимининг барқарор ишлаши учун зарур сервер қувватлари ажратилган, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилган. Фуқаролар томонидан тақдим этиладиган барча маълумотлар қонунчилик талабларига мувофиқ ҳимоя қилинади, шахсий маълумотлар махфий сақланади ва фақат статистик мақсадларда қўлланилади. Ушбу маълумотлар солиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки бошқа назорат органларига берилмайди.

p

Тадбирга оид умумий тушунтиришлар, мультипликацион роликлар, саволномаларни тўлдириш бўйича видеоқўлланмалар, фирибгарлик ҳолатларидан огоҳлантирувчи материаллар, OneID орқали рўйхатдан ўтиш тартиби ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган жами 10 га яқин видеороликлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Ҳозирга қадар марказий телеканаллар ва интернет нашрларида 300 дан ортиқ, ҳудудий ОАВда эса 6 мингдан зиёд тарғибот материаллари эълон қилинди. Аҳоли гавжум жойларда 400 га яқин йирик баннерлар, 23 мингдан зиёд плакатлар ўрнатилди, 300 дан ортиқ ЛEД мониторларда тарғибот роликлари мунтазам намойиш этилмоқда. Жумладан, биргина Тошкент шаҳрида метро ва автобуслар учун 7 мингдан ортиқ плакатлар жойлаштирилди.

p

Рўйхатга олиш жараёнида фуқаролардан қуйидаги йўналишлар бўйича маълумотлар йиғилади:

Аҳоли бўйича: аҳоли сони ва таркиби (ёш, жинс), оилавий ҳолат, таълим даражаси, бандлик ва меҳнат фаолияти, яшаш жойи ва уй-жой шароити, ижтимоий аҳволга оид умумий кўрсаткичлар.

Қишлоқ хўжалиги бўйича: ер майдонлари, экин турлари ва ҳосил йўналишлари, чорва моллари сони ва таркиби, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолияти, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ресурслари.

p

Рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари 2026 йил 1 июль санасига қадар, якуний маълумотлар эса 2027 йил 1 июль санасига қадар эълон қилинади. Рўйхатга олиш натижалари мамлакат бўйича аниқ, тўлиқ ва ишончли статистик базани шакллантириб, давлат сиёсатини режалаштириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш, таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва меҳнат бозорига оид қарорларни қабул қилиш, ҳудудларни ривожлантириш бўйича манзилли чора-тадбирларни белгилаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

p

Шу муносабат билан барча фуқаролар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирида фаол иштирок этишга чорланади. Чунки ушбу тадбир ҳар бир фуқаро ва жамият келажаги учун муҳим стратегик аҳамиятга эга.