Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Тошкент шаҳрида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш, ялпи ички маҳсулотни қайта ҳисоб-китоб қилиш натижалари, инфляция методологиясини халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда миллий статистика тизимини трансформация қилиш масалалари муҳокамасига бағишланган “Миллий статистикада янги босқич: шаффофлик ва халқаро стандартлар сари” мавзусида амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ), БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA), БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Халқаро миграция ташкилоти, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Конференциянинг биринчи қисмида мамлакатимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик ишлари юзасидан батафсил маълумот берилди. Миллий статистика қўмитаси раиси ўринбосари Зоҳиджон Зияев, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Жовдатхон Инагамов, Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эндрю Грей, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров, UNFPA Ўзбекистондаги ваколатхонасининг аҳолишунослик бўйича эксперти Азам Тошпулатов ва Жаҳон банки Бош статистиги ўринбосари Оливье Дюприе (онлайн) томонидан аҳолини рўйхатга олишда замонавий технологиялардан фойдаланиш, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, халқаро тажриба ва аниқликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Рўйхатга олиш жараёнидаги ташкилий ишлар, маълумотларни қабул қилиш ва қайта ишлашни рақамлаштириш, аҳолини қамраб олишнинг самарали механизмлари ҳақида таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Кун тартиби доирасида кейинги муҳокамада янги аниқланган ҳажмларни акс эттириш мақсадида ялпи ички маҳсулотни қайта ҳисоблаш натижалари тақдим этилди. Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул ходими Абдумалик Жалилов, Макроиқтисодий индикаторлар ва миллий ҳисоблар бошқармаси Умаржон Обидов ва Халқаро валюта жамғармаси эксперти Леван Гогоберишвили (онлайн тарзда) томонидан қайта ҳисоблаш жараёнлари, маълумотлар манбалари интеграцияси ҳамда иқтисодий фаолият турлари бўйича аниқлик киритиш амалиёти батафсил тушунтириб берилди. Халқаро амалиёт асосида амалга оширилган ушбу жараён ЯИМни ҳисоблашдаги аниқлик, шаффофлик ва ишончлиликни кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Учинчи сессия инфляцияни ҳисоблаш услубиётини такомиллаштириш масалаларига бағишланди. Миллий статистика қўмитаси раиси ўринбосари Рустем Махаммадиев, Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Ачилов ва Миллий статистика қўмитаси Нархлар статистикаси бошқармаси бошлиғи Муҳриддин Абдуллаев истеъмол нархлари индексини шакллантиришда халқаро стандартларга ўтиш, кузатув объектлари сонини ошириш, нархлар мониторингида рақамли манбалардан фойдаланиш ва ҳисоблаш формулаларини янгилаш бўйича режалаштирилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Мутахассислар инфляция кўрсаткичларининг аҳоли фаровонлиги ва иқтисодий сиёсат учун аҳамиятини инобатга олган ҳолда методологияни янгилаш муҳимлигини қайд этдилар.

Конференция давомида миллий статистика тизимини трансформация қилиш истиқболларига оид масалалар ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Одилжон Мамадалиев, Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти директори Шуҳрат Шукуров, Миллий статистика қўмитаси Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Улуғбек Ноипов ва Жаҳон банки Бош статистигининг ўринбосари Оливье Дюприе томонидан тизимни рақамлаштириш, маълумотлар сифатини ошириш, глобал статистик инновацияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ёндашувлар бўйича тақдимот қилинди. Муҳокамаларда миллий статистика тизимини ислоҳ қилишда статистик маълумотларнинг очиқлиги ва аҳолининг статистикага ишончини ошириш муҳим устувор вазифалар экани таъкидланди.

Тадбир якунларига кўра, иштирокчилар томонидан миллий статистика тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун муҳим омил экани, статистик маълумотларнинг сифатини ошириш эса манзилли ва тўғри қарорлар қабул қилинишига муҳим асос бўлиши алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб беришди.

Амалий конференция миллий статистика тизимини янада ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар ва амалий тавсиялар билан ўз ишини якунлади.


