Миллий статистика қўмитасида 26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни муносабати билан ёш ходимлар иштирокида учрашув ташкил этилди.

Тадбирда Миллий статистика қўмитаси раиси ўринбосари З. Зияев, Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходими, Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги етакчи инспектори ҳамда қўмитанинг ёш ходимлари иштирок этди.

Учрашувда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг инсон саломатлиги, оила, жамият ва келажак авлод ҳаётига салбий таъсири ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли иллатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда ҳуқуқий хабардорликни ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Мутахассислар томонидан гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, ушбу йўналишдаги қонунчилик талаблари, жавобгарлик масалалари ва профилактик чора-тадбирлар юзасидан тушунтиришлар берилди.

Тадбир давомида ёш ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.


