Жорий йилнинг 24-26 сентябрь кунлари Озарбайжоннинг Боку шаҳрида “Халқаро лойиҳалар – статистиканинг ҳаракатлантирувчи кучи” мавзусида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг III халқаро статистика форуми бўлиб ўтди.

Форум Озарбайжон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва МДҲ Давлатлараро статистика қўмитаси ҳамкорлигида, Бутунжаҳон статистика куни муносабати билан ташкил этилиб, унда 15 мамлакат ва 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлардан юқори даражадаги делегациялар, шунингдек, илмий доира вакиллари ва экспертлар иштирок этди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикасидан Миллий статистика қўмитаси раиси бошчилигидаги делегация қатнашди. Форумнинг биринчи кунида Миллий статистика қўмитаси раиси Ўзбекистон миллий статистика тизимини модернизация қилиш мавзусида тақдимот қилди. Шунингдек, Озарбайжоннинг Report.Az нашрига Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ҳамда 2026 йилда Озарбайжон давлат статистика қўмитаси билан имзоланиши режалаштирилаётган ҳамкорлик меморандуми борасида интервью берди.

Форум доирасида Миллий ҳисоблар тизими 2025, Халқаро таққослаш дастури – 2024, Аҳоли ва уй-жойни рўйхатга олиш – 2030 раунди, Барқарор ривожланиш мақсадлари мониторинги, тармоқлараро ва соҳавий статистик лойиҳалар, ахборот технологиялари, статистик маълумотларни интеграция қилиш ва смарт-маълумотлар, статистикада компетенцияларни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси ҳамда хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар статистика идоралари билан учрашувлар ташкил этилди.
Хусусан, UNECE Статистика бўлими директори Тиина Луидже билан ўзаро ҳамкорлик, Грузия статистика идораси билан статистик кузатувларни такомиллаштириш, Сербия статистика идораси билан соҳага замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш ва рақамлаштириш, Беларусь Миллий статистика қўмитаси билан аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш, Венгрия статистика идораси билан ГИС технологияларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилиниб, ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.


