2025 йил 18 сентябрь куни Миллий статистика қўмитаси ҳамда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Миллий статистика қўмитаси раиси ўринбосари Зияев Зоҳиджон Муратович, Ижтимоий соҳа статистикаси бошқармасининг масъуллари ҳамда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази директори вазифасини бажарувчи Рисюкова Юлия Васильевна бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этди.

Учрашув доирасида таълим соҳасида статистик маълумотларни шаффоф ва адолатли йиғиш, уларни ягона ахборот майдонида интеграция қилиш ҳамда халқаро стандартларга мослаштириш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, яратиладиган Ягона таълим статистикаси ахборот тизими таълим соҳасидаги барча маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва жамоатчиликка тақдим этиш имконини кенгайтиради. Бу эса таълим тизимида самарадорликни ошириш, битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги ҳолатини кузатиб бориш, таълим соҳасидаги молиявий харажатларни мониторинг қилиш ҳамда инновацион таҳлилларни амалга оширишда муҳим қадам бўлади.
Меморандум доирасида томонлар ўзаро ҳамкорликда миллий таълим статистикасини такомиллаштириш, маълумотларни верификация қилиш ва сунъий интеллект асосида таҳлиллар ўтказишда биргаликда иш олиб боришга келишиб олинди.


