2025 йил 24–27 ноябрь кунлари Миллий статистика қўмитаси Ўзбекистонда статистика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва амалга оширилаётган “Статистика соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш”| лойиҳаси бўйича ўзаро мулоқотни давом эттириш мақсадида Корея Маълумотлар ва статистика вазирлиги (MODS) вакилларини қабул қилди.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея статистика идоралари ўртасидаги ҳамкорлик 2011 йил 24 август куни Тошкент шаҳрида Миллий статистика қўмитаси ва MODS ўртасида имзоланган статистика соҳасида ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумдан бошлаб изчил ривожланиб келмоқда. 2023 йил 15–19 май кунлари MODS делегациясининг ташрифи чоғида эса Миллий статистика қўмитасининг Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти, MODS статистика тадқиқотлари институти ҳамда Статистика тренинг институти ўртасида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Тошкентда бўлиб ўтган навбатдаги учрашувнинг асосий мақсади Корея Республикасининг “Тараққиётга расмий кўмак” гранти доирасида молиялаштирилаётган “Статистика соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш” лойиҳаси бўйича 2025 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан сарҳисоб қилишдан иборат бўлди. Лойиҳа доирасида Миллий статистика қўмитасининг қатор ходимлари Корея ва Ўзбекистонда ўтказилган ўқув-семинарларда иштирок этиб, ўз малакаларини оширишди. Шунингдек, Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтида замонавий техника билан жиҳозланган янги компьютер-ўқув хонаси фойдаланишга топширилди.

Томонлар, шунингдек, 2025–2028 йилларда амалга ошириладиган вазифаларни ўз ичига олган “Мастер план” ҳужжатини ишлаб чиқиб, унинг асосий йўналишларини келишиб олдилар.
Учрашув давомида Миллий статистика қўмитаси ва институт мутахассислари MODS вакиллари билан лойиҳани амалга оширишнинг жорий ҳолати, кейинги босқичдаги вазифалар ва истиқболли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.


