Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Миллий статистика қўмитасида Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг (IOM) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Миллий статистика қўмитаси раиси ўринбосари З.Зиёев бошчилигидаги марказий аппарат масъул ходимлари ҳамда Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эндрю Грей ва бошқа вакиллар иштирок этишди.


Учрашувда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини амалга оширишдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди ҳамда мазкур йўналишдаги қўшма ишлар бўйича “Йўл харитаси” ва икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.


Имзоланган йўл харитаси доирасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири тарғиботи юзасидан қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида хабардорликни ошириш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш белгиланди. Шу мақсадда ҳамкорликда тарғибот кампаниялари ташкил этилади, баннер ва видеороликлар тайёрланади, журналист ва блогерлар ўртасида танловлар ўтказилади. “Ўзбекистон демографик атласи”ни яратишда халқаро экспертлар жалб этилади.
Шунингдек, томонлар келгусидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, рўйхатга олиш жараёнида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва халқаро тажриба алмашиш борасида келишиб олдилар.


