Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 февралдаги ПФ-27-сонли фармонида Миллий статистика тизими учун малакали мутахассис кадрлар тайёрлашнинг самарали механизмини жорий этиш мақсадида 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Миллий статистика қўмитасида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Иқтисодий статистика кафедраси филиали ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Миллий статистика қўмитасида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Иқтисодий статистика кафедраси филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда қўмита раиси ўринбосари З. Зияев бошчилигидаги марказий аппарат масъул ходимлари ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.

Тадбирда филиал бўйича қўмита ва университет ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, талабалар қўмитада ташкил этилган “call-center” билан таништирилди. Унда ҳисобот даврида респондентлар мурожаатларига оператор сифатида жавоб бериш учун мазкур йўналиш талабалари жалб этилиши таъкидланди. Бу уларга таълим олиш жараёнида назарий билимларни ўзлаштириш билан бирга, иш амалиётида бевосита тажриба тўплаш имкониятини ҳам яратади.

Умуман олганда, мазкур филиалнинг ташкил этилиши талабалар учун илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда соҳа учун замонавий кадрлар етиштиришга хизмат қилади.


