25 сентябрь куни иқлим соҳасида самарали, инклюзив ва шаффоф чора-тадбирларни амалга ошириш учун статистика ва маълумотларни такомиллаштиришга бағишланган минтақавий семинар ўз ишини якунлади.

Семинар доирасида иқлим ўзгариши билан боғлиқ статистикани ривожлантириш, миллий статистика тизимида маълумотларни мувофиқлаштириш, иссиқхона газлари инвентаризацияси, энергетика, қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва ер ресурслари, сув статистикаси, ҳаво сифати ва атмосферага чиқарилмалар каби устувор йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, экологик-иқтисодий ҳисоблар, табиий офатларга оид статистика, иқлим ўзгариши билан боғлиқ маълумотларни тарқатиш ҳамда геофазовий маълумотлар ва статистик инфратузилмадан фойдаланиш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Якунловчи ишчи сессияда муҳокамалар натижалари умумлаштирилиб, соҳалар кесимидаги устувор вазифалар белгилаб олинди. Ушбу натижалар келгусида иқлим статистикасини ривожлантириш бўйича миллий йўл харитаси ва амалий чора-тадбирлар режасини шакллантириш учун асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Семинарнинг якунловчи тадбирида Миллий статистика қўмитаси раиси ўринбосари Р. Махаммадиев, Қўмита марказий аппаратининг масъул ходимлари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.
Тадбир якунида томонлар иқлим ўзгариши бўйича ишончли ва сифатли статистик маълумотларни шакллантириш, халқаро тажрибани кенг жорий эти ва ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.


