Бугун, 25 сентябрь куни Миллий статистика қўмитасида БМТ Аёллар тузилмасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий идораси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда БМТ Аёллар тузилмасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Белен Санз Луке, минтақавий директор ўринбосари Элиса Фернандез Саенз, Марказий Осиё бўйича алоқа офиси раҳбари ва Ўзбекистон бўйича мамлакат дастури менежери вазифасини бажарувчи Серен Гувен Гурес, шунингдек, Миллий статистика қўмитаси раҳбарияти ва масъул таркибий бўлинмалари вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида Ўзбекистонда гендер статистикасини янада ривожлантириш ва бу йўналишда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, гендерга оид статистик маълумотларнинг қамрови ва сифатини ошириш, уларни шакллантиришда замонавий ёндашувлардан фойдаланиш ҳамда халқаро тажрибани татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларининг гендерга оид кўрсаткичлари бўйича маълумотларни йиғиш ва мониторинг қилиш, мавжуд ахборот манбаларидан самарали фойдаланиш ҳамда тегишли кўрсаткичларни мунтазам такомиллаштириб бориш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда 2026–2030 йилларга мўлжалланган статистикани ривожлантириш миллий стратегияси доирасида гендер статистикаси бўйича белгиланган вазифалар ҳам муҳокама қилиниб, уларни амалга оширишда ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш, тажриба алмашиш ва техник кўмакни кенгайтириш бўйича келгусидаги режалар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар гендер статистикасини такомиллаштириш, халқаро стандарт ва илғор тажрибаларни кенг жорий этиш ҳамда ушбу йўналишдаги ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканини билдирди.

