2026 йил 22 сентябрь куни Жаҳон банки гуруҳининг бош статистиги ва Ривожланиш маълумотлари гуруҳи директори Хайшан Фу Миллий статистика қўмитасига ташриф буюрди. Ташриф доирасида Хайшан Фу бошчилигидаги Жаҳон банки делегацияси ҳамда Миллий статистика қўмитаси раиси бошчилигидаги марказий аппарат масъул ходимлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

7

Учрашувда Миллий статистика қўмитаси ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, миллий статистика тизимини ривожлантириш, замонавий усул ва технологияларни жорий этиш, мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда Жаҳон банки томонидан кўрсатилаётган техник кўмакни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

7

Мулоқот давомида Ўзбекистонда рўйхатга олиш тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича амалга оширилган ишлар, бу жараёнларда қўлланилган ёндашувлар ва орттирилган тажриба ҳақида Жаҳон банки вакилларига маълумот берилди. Томонлар рўйхатга олиш натижаларидан статистик маълумотлар сифатини ошириш ва иқтисодий-ижтимоий жараёнларни чуқурроқ таҳлил қилишда фойдаланиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

7

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистонда 2026 йил 15 октябрдан 30 ноябрга қадар ўтказилиши режалаштирилган Бизнесни рўйхатга олиш тадбири ҳақида маълумот берилди. Унинг мақсади, қамрови, маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш жараёнлари, тадбирни ташкил этиш механизмлари ҳамда кутилаётган натижалар ҳақида батафсил маълумот берилди ва ушбу йўналишдаги масалалар Жаҳон банки делегацияси билан муҳокама қилинди.

7

Учрашув якунида миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш, халқаро тажриба ва замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни давом эттириш юзасидан фикр алмашилди.